Имтиёзли автокредит олиш учун навбатда турган қозоғистонликлар қайтадан ариза ёзиши керак. Дастлабки ариалар бугундан қабул қилинади, лекин ҳозирча дастур оператори маъқуллаган тўртта банкдан фақат биттаси ариза қабул қиляпти. Махсус матбуот конференциясида Саноатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари ўринбосари Ринат Гаппаров вазиятга ойдинлик киритди.
- Бугунги кунгача кучда бўлган имтиёзли автокредит олиш учун навбатда турган одамлар ўз ўрнида қолади. Уларнинг навбати ўтиб кетмайди. Ҳар бир банкнинг ўз лимити бор, бу лимитни тегишли органлар белгилаб беради, банклар бунинг учун маблағ олади. Ҳозир бизда, жамғармада корпоратив жараёнлар давом этяпти, банклар билан шартномалар тузиляпти. Бошқа банклар билан ҳам корпоратив жараённи тугатамиз. Номи тилга олинган тўрт банкнинг учтаси билан ишларни ҳафта охиригача тугатамиз, деб ўйлайман. Уларга ҳам маблағ тушади.
Айни вақтда автосалонлар қошида тўпланганлар ваҳимага тушиб қолди. Ҳамма ҳайрон. Чунки одамларга дастур 16 майдан бошлаб тўлақонли ишлаши айтилганди.
БЛИЦ:
- Нима бўлишини билмайман, навбатга ёзилиб қўяман, бир маъниси бўлар.
- Молиялаштириш бошланмаган бўлса, яна битта ариза ёзишнинг нима кераги бор. Тегишли одамлар учун маблағ ажратилганми? Қинғирлик борга ўхшайди.
- Менда гумон бор, навбат қандай ҳаракатланаётганини кўра олмайман, назорат қилолмайман, қачон менга беришади - билмайман, тушундингизми?
Қозоғистон автобизнес ҳамжамияти раҳбари ўринбосари Анар Мақашева эса қозоғистонликларни ваҳима қилмасликка чақирди. Унинг таъкидлашича, дастур шаффоф кўринишда ишлайди. Имтиёзли автокредит олиш алгоритми ишлаб чиқилган.
Анар Мақашева, Қозоғистон Автобизнеси Вице-президенти:
- Аввал автосалонга келиб, автомобиль танлайсиз. Агарда кўнглингиздагидек автомобиль мавжуд бўлса истеъмолчига ушбу автомобиль ВИН-коди кўрсатилган тўлов учун ҳисоб берилади. Сўнгра истеъмолчи иккинчи даражали банкка боради ва имтиёзли автокредит олиш учун ариза ёзади. Банк кредитни тасдиқлагач кафолат хати чиқариб беради ва истеъмолчига беради. Сўнгра транспорт воситасини расмийлаштириш жараёни бошланади. Транспорт воситасини ҳисобга қўйиш зарур. Бунинг учун белгиланган ҳужжатлар рўйхати бор, рўйхатни егов сайтидан олишингиз мумкин.
Таъкидлаш лозимки, дастурни рўёбга чиқариш учун 100 миллиард тенге ажратилган. Унга кўра, истаган қозоғистонлик 4 фоиз устама билан автомобиль харид қилиши мумкин. Кредит 10 миллион тенгедан, муддати 7 йилдан ошмаслиги керак. Дастлабки тўлов – 0 фоиз, автомобиль нархи кўпи билан 15 миллион тенге бўлиши шарт.
Абдумалик Сарманов таржимаси.