Марказий Осиё давлатлари молияни созловчи ташкилотларининг ўзаро интеграцияси уларнинг иқтисодиётини мустаҳкамлайди. Томонлар биргаликда минтақани хорижлик инвесторлар учун янада жозибадор қила олади. “Астана” халқаро молия маркази халқаро ҳамкорлик департаменти директори Алмас Жўламановнинг маълум қилишича, минтақани ягона молиявий бозор сифатида ривожлантириш мақсадга мувофиқ. “Астана” халқаро молия маркази эса уларнинг фаолиятида умумий майдонча вазифасини бажара олади. Зеро, ўтган йили томонлар тегишли қўшма декларацияни имзолаган, унда марказ минтақа давлатлари учун иқтисодий майдонча сифатида кўрсатилган.
Алмас Жўламанов, “Астана” халқаро молия маркази молиявий хизматларни созлаш қўмитаси халқаро ҳамкорлик департаменти директори:
- Молиявий ҳамкорлик, молиявий секторга оид минтақавий лойиҳаларни ривожлантириш орқали молия бозорида маблағ тақчиллиги, молия бозорининг торлиги, таклиф этилаётган молиявий маҳсулотлар ва хизматлар чекланганлиги каби кўплаб тўсиқларни енгиб ўтиш мумкин. Шунинг учун биз Марказий Осиё давлатларининг марказий банклари, Молия вазирликлари ўртасида мулоқотни бошладик. Давлат раҳбарлари ўтган йили Туркманбошида, бу йил Чўлпонотада қабул қилган декларациялар рўёбга чиқиши учун қўшадиган ҳиссамиз шу бўлади, деб ўйлаймиз.
Мутахассислар таъкидлашича, “Астана” халқаро молия марказида рўйхатдан ўтиш орқали Марказий Осиё давлатлари жаҳон молия бозорларига чиқа олади, шу тариқа, хориждан капитал жалб этади. Бундан ташқари, республикалар янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш борасида хорижлик ҳамкорлар билан тиғиз ҳамкорлик қилади.
Алмас Жўламанов, “Астана” халқаро молия маркази молиявий хизматларни созлаш қўмитаси халқаро ҳамкорлик департаменти директори:
- Биз қатор кўп томонлама меморандумларни имзолаганмиз. IOSCO қимматли қоғозлар бўйича комиссия халқаро ташкилоти, суғурта назорати органлари халқаро ҳамжамиятига аъзомиз. Ана шундай кўп томонлама шартномалар асосида биз жаҳоннинг 124 молия созловчи ташкилоти билан ҳамкорлик қила оламиз. Яъни, молиявий марказга келган компаниялар дунё миқёсида ишлай олади. Дунё бўйича шартномалари бор бўлгани сабабли “Астана” халқаро молия маркази орқали чегараоша хизматлар кўрсатади.
Таъкидлаш жоиз, жаҳоннинг 65 давлатидан 1,5 минг компания молиявий марказда рўйхатдан ўтган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.