«Astana Hub» 5 йиллигини нишонлади

«Astana Hub» 5 йиллигини нишонлади

Марказий Осиёнинг энг йирик инновациявий технопарки – «Астана Хаб» 5 ёшга тўлди. Ўтган давр мобайнида ундаги айти-компанияларнинг умумий даромади бир ярим миллиард долларни ташкил қилди. Жалб этилган инвестициялар эса беш юз миллион долларни ташкил қилди. Бугун пойтахтда ўтказилган «Silk Way» акселерация дастурининг тўртинчи потоки доирасида ташкил қилинган тақдимот кунида хабнинг муваффақиятлари яна бир марта тилга олинди. Таъкидлаш лозимки, Астана Хаб «Google for Startups» билан ҳамкорликда ўзига хос таълим дастури ташкил қилди. Ўқиш учун келиб тушган 200 дан зиёд талабгор ичидан Қозоғистон, Грузия, Қирғизистон, Монголия, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган 15 та энг яхши лойиҳалар танлаб олинди. 12 ҳафталик жадал курсдан 12 стартап ўта олди. Улар бугун ўз имкониятларини намойиш қилишди. Бу эса янги бозорларга чиқиш, инвесторлар топиш масаласида қўл келади. Вазир Бағдат Мусин ҳам улар билан танишди.

Бағдат Мусин, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири:

- Бугунги кунда Астана Хабда рўйхатга олинган стартаплар сони 1 минг 300 тадан ошди. Улар мамлакат иқтисодиётига ўз улушини қўшади. 1 минг 300 компанияда 20 минг одам ишлаяпти. Жорий йилда, менимча, бизнинг айти маҳсулотларимиз экспорти умумий ҳажми 500 миллион АҚШ долларидан ошади. Бу рақамнинг ўзи кўп нарсани англатади. Бизда айти соҳаси жадал ривожланяпти, у ўзига хос мультипликаторга айланди, чунки айти-соҳа маҳсулоти иқтисодиётнинг барча соҳаларига кириб келяпти.   

Абдумалик Сарманов таржимаси.