Мегаполисда тартибсиз чиқиндихоналар кўпайиб кетди. Ер йўлдошидан олинган фотосуратлар шундан далолат. Масалан, Науризбай тумани четидаги мазкур котлован аввалига қурилиш учун тош қазиб олинадиган карьер бўлган. Тош кони ишини тўхтатганидан кейин номаълум шахслар ноқонуний ҳолда уни маиший чиқинди ташланадиган жойга айлантирган.
Салтанат Ташимова, «Алматини ҳимоя қиламиз» жамоат ташкилоти раиси:
- Карьер ва уйлар орасидаги масофа атиги бир неча метр. Ваҳоланки, қоидага кўра, камида 1000 метр бўлиши зарур. Чор-атрофдаги аҳоли ҳидидан шикоят қилади, уйлар ўпирилиб тушиш хавфи остида.
Шаҳарда бундай бетартиб ахлатхоналардан бир нечта бор. Фақат Медеу туманининг ўзида космик мониторинг хизмати 9 та ноқонуний полигонни аниқлади.
Мирас Байсеитов, «КазЭкология» республика илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори вазифасини бажарувчи:
- Котлован қазилади, чиқиндилар қабул қилинади. Шу жумладан, органик моддалар ҳам. Бу эса тақиқланган, мумкин эмас. Натижада ер, ер ости сувлари зарарланади. Албатта, атмосфера ҳавосига ҳам таъсири катта.
Чиқиндилар давлат кадастрига мувофиқ, 2021 йил бошига келиб, Қозоғистонда 16,3 миллиард тонна чиқинди йиғилган. Бетартиб ахлатхоналардагиси бунга кирмайди. Мутахассислар фикрича, янги Экологик кодекс доирасида тизимли иш олиб бориш бу муаммони ҳал қилиши мумкин. Чунки тегишли идора ходимлари ҳар бир минтақадаги чиқинди турлари бўйича аниқ маълумотларга эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси.