Пекинда бўлиб ўтган Қишки Олимпиада брендинги, медаллар, конькида югурувчилар учун эсдалик нишонлари тасвирини яратишда қозоғистонлик дизайнер ҳам иштирок этди. Рустам Садиров 10 йилга яқин вақтдан бери Осмоности юртида ишлайди. Бу вақт ичида унинг ижодий портфолиоси анчагина кенгайди, жамғармасида Хитойдаги йирик компаниялар ва халқаро фирмалар мавжуд.
Рустам Садиров, лойиҳачи-муҳандис, дизайнер:
- Олимпиада қўмитасининг асосий брендинг ва дизайн ғоясини кураторим, компания директори билан бирга яратдик. Икки йил аввал шу ерда бўлиб ўтган Олимпиада кўргазмаси учун кириш дарвозаси ҳам менинг ғоям, бу йирик ва қизиқарли иш эди. Жуда ғаройиб, визуал арка қилинганди, худди музли оламга киргандек ҳиссиёт уйғотарди.
Кўплаб турли вариантлар бор эди, аммо айнан шуниси танланди. Чунки битта, фақат битта спортчи олтин медалга сазовор бўлиши мумкин. Ва барча линияларда биттадан олтин медаль ясалди.
Ўз карьерасини Рустам юртимизда бошлаган. Кейинроқ Хитойда бўлгач, бу мамлакатнинг йирик бозорида ўз кучини синаб қўришга қарор қилди. Иш жараёнида жаҳон даражасида таниқли технологик компаниялар билан ҳамкорликда бўлди. Юртдошимиз эътироф этишича, дизайннинг автомобиль туридган бошқа барча турларини ўзлаштирган. Эндиликда тажрибаларини ватанида қўллашни режа қилган.
Рустам Садиров, лойиҳачи-муҳандис, дизайнер:
- Тўққиз йил ичида Хитойда ҳаёт бутунлай ўзгача тарзда кечди. График, саноат, кўргазма дизайни бэкграундига эгалигим туфайли бу ерда кўпгина машҳур брендлар билан ишлашга улгурдим. Ўз билимларим, тажрибамни энди юртимда қўллашни истардим.
Нега шундай қилмаслик керак? Қозоғистонда жуда кўп ёш ва истеъдодли одамларни учратганман, кўраман, айримлари билан фэйсбукда ёзишамиз. Саволлар кўп, жавоблар ҳам. Ҳозирги ёшларда қизиқиш бор, ўз-ўзини ривожлантиришга интилиши юқори.
Рустам дизайн соҳасида дунё янгиликлари ҳақида кўп ўқийди, ўрганади, уларни ўз ишида қўллаб кўради. Унинг айтишича, дунё доимий ўзгаришда. Ҳамиша олд сафларда бўлиш учун эса таълим - пойдевор, доимий интилиш эса муваффақият омили эканлигини билиш зарур.
Хуршида Абдуллаева таржимаси