Депутатлар таътилга кетди

Депутатлар таътилга кетди

Қозоғистон депутатлари таътилга чиқди, кузда яна иш бошлайди. Бугун Парламент Еттинчи чақириқ иккинчи сессияси ниҳоясига етди, қуйи палата спикери Ерлан Қўсшанов унинг якунларини чиқарди. Унга кўра, 127 та қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган, 78 таси қабул қилинган. 66 та қонун Давлат раҳбари томонидан имзоланди ва кучга кирди. Депутатлар ҳам ўз ишига баҳо берди.

Ақмарал Алназарова, Қозоғистон Республикаси Парламент Сенати депутати:

- Бугун Мажилис спикери ўз маърузасида айтгани каби, ишларни тартибга келтириб боришимиз керак. Конструктив фаолият зарур, парламентда айтилган барча таклифларимиз халқдан йўлланган, халқ номидан тўпланган. Шунинг учун бирорта саволга юзаки жавоб берилмаслиги керак. Президент нуфузли Парламент, ҳисобот берувчи ҳукумат ҳақида гапирди, биз бу талабни рўёбга чиқариб, ишларни йўлга қўйяпмиз. Иккинчи сессия мазкур йўналишда маълум ютуқлар борлигини, илгарилаганимизни кўрсатди.

Ёзда депутатлар минтақаларга бориб, қозоғистонликлар билан учрашишда давом этади. Жамиятдаги долзарб масалаларни ўрганади, бу муаммолар Парламент келгуси сессиясида муҳокама этилади.

Ерлан Смайлов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси депутати:

- “Минтақаларга боришдан нима фойда”, дейдиганлар бор. Биринчи вазифа – аҳоли, фуқаролар билан учрашиш, қозоғистонликларни қандай муаммолар ташвишлантираётгани, қандай тўсиқлар мавжудлигини, аввал кўтарилган масалаларнинг қай бири ҳал бўлганини ўрганиш. Мен бу сафар Темиртау металлурглари билан учрашаман, Шахтинскка бораман, Қарағанди шахтёрлари билан фикрлашаман, фракциямиз, Қозоғистон Халқ партияси фракцияси касаба уюшмалари билан яқин ҳамкорликда ишлайди.

Учинчи сессия 1 сентябрда очилади. Президент топшириғига кўра, мамлакат иқтисодиётининг янги моделини шакллантириш, ижтимоий кафолатлар бериш, бизнес ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунлар устида иш юритилади.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.