Давлат тили рақамли форматга ўтказилади. Қозоғистонда қозоқ тилидаги аудиоёзувларни матнга айлантириб берувчи TezText мобиль иловаси ишга туширилди. Бу дастур овозни ва профессионал атамаларни “тушуниш”нинг илғор тизимларини ўз ичига олган. Бугунги кунда иловада 40 миллиондан зиёд тайёр гаплар бор. Келгусида унга одамларнинг исмларини киритиш, шунингдек, тиниш белгиларини қўйиб чиқиш масаласини ҳал қилиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, фойдаланувчилар ҳам мустақил равишда янги сўзларни кирита олиши мумкин. Иловани кўчириб олиш бепул.
Шон Бода, АҚШ элчихонаси пресс-атташеси, Нур-Султон шаҳри:
- Бу - АҚШнинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Бош консулхонаси томонидан оммавий ахборот воситалари, профессионал журналистикани ривожлантириш учун қўллаб-қувватланган кўплаб лойиҳалардан бири. Лойиҳа Қозоғистон учун ҳам, АҚШ учун ҳам фойдали. Зеро, журналистлар текширилган маълумот олиш ва қисқа фурсатда репортаж тайёрлаш имкониятига эга бўлса, ҳар қандай жамият фақат фойда кўради. Мазкур лойиҳа қозоқтилли журналистлар ёзиб олинган интервьюларни тез ва аниқ матн ҳолига келтиришида фойдали. Бу ечимга ОАВни ривожлантириш дастури доирасида ёрдам берилди.
Абдумалик Сарманов таржимаси