Қозоқ тилида компьютер кодлари ёзиляпти

Қозоқ тилида компьютер кодлари ёзиляпти

Қозоғистонлик ўқувчи компьютерни қозоқча тушунишга ўргатяпти. Қўстанайдаги Назарбаев Заковат мактабининг 12-синф ўқувчиси Дамир Сарбасов давлат тилида ишлашга мўлжалланган дастлабки дастурни яратди. Лойиҳа устида иш ёзда бошланганди. Ўсмирнинг таъкидлашича, бу жараён осон кечмади. Лекин янги ишланма барча хоҳловчиларнинг дастурлашни ўрганиши учун йўл очишига бўлган ишонч унга куч берди. Таъкидлаш лозимки, Дамиргача ҳам тизимга қозоқ  тилини киритишга бўлган уринишлар кўп бўлган. 

Дамир Сарбасов, 12-синф ўқувчиси:

– Шундай бир фикр пайдо бўлди: нима учун дастурлашни ўрганиш учун кўплаб одамлар инглиз тилини ўзлаштириши шарт? Бу менга ғалати туюлди.  Шундан кейин дастурлар ёзиш имконини берадиган қозоқча дастурлаш тили яратиш фикрига бордим. Тегишлича, ундан жуда кўп одамлар фойдалана олган бўларди. Шу билан бирга у дастурлаш малакасини оширади, қозоқ тилини чуқурроқ ўрганишингизга ёрдам беради.

Александр Шерцер, информатика ўқитувчиси:. 

– Биз рақамлаштиришни ривожлантиряпмиз. Айни вақтда, қозоқ тилини тарғиб қиляпмиз. Бугунги кунда, йўналишидан қатъи назар, олий таълим даргоҳларининг барчасида биринчи курсда дастурлашни ўргатиш тавсия қилиняпти.  Президент Мактубида ҳам Hard skills, Soft skills ва бошқа малакаларни, иккинчи саводхонлик сифатида дастурлашни ўргатишга урғу берилган

IT соҳасидаги таълим даргоҳлари ва мутахассислар ўқувчи мактаб дастурига киритишни орзу қилаётган лойиҳани юқори баҳолашди. Бу эса болаларнинг дастурлашни осон ўрганишига ва она тилини ўзлаштиришига ёрдам беради.

Абдумалик Сарманов таржимаси.