Бактериялардан – пластик. Алмати олимлари ноу-хауси «псевдомОнас» деб аталган микроорганизмлардан қулай материал синтез қилиш имконини беради. Бактерия оддий сачратқи ўсимлиги илдизидан ажратиб олинган, саккиз ой давомида тайёрлаш имкониятлари ўрганилди. Янги пластик кўплаб товарларни қадоқлаш учун ишлатилиши мумкин. У мева-сабзавот, ҳатто донлар бузилмай сақланишигига ёрдам беради. Энг муҳим жиҳати эса – табиий шароитда қисқа вақтда чириб кетади. Биопластик сунъий томир яратиш учун ҳам қўлланиши мумкин.
Аида Қистаубаева, ал-Форобий номли қозоғистон миллий университети биотехнологиялар кафедраси мудираси:
- Ушбу табиий полимер турли соҳаларда: озиқ-овқат саноатида, қишлоқ хўжалигида, тиббиётда ишлатилиши мумкин. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари шу материалда қадоқланса, яроқлилик муддати анча ортади. Биопластик уларни атроф-муҳит ва микроорганизмлар таъсиридан ҳимоя қилади.
Людмила Игнатова, ал-Форобий номли қозоғистон миллий университети биотехнологиялар кафедраси доценти:
- Пластикни турли уруғлар учун қоплама сифатида ишлатиш мумкин, натижада, уруғ сифати янада яхшиланади. Уруғ унган вақтида жадал ўсишига ёрдам берувчи, дастлабки ривожланиш босқичида зарар бериши мумкин бўлган ташқи муҳит омилларидан ҳимояловчи турли моддаларни қўшиш мумкин.
Олимлар таъкидлашича, лойиҳа давлат ёрдамини олса, келгуси уч йилда биопластик саноат даражасида ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.