Давлат раҳбари Сарань шаҳрида бўлди

Давлат раҳбари Сарань шаҳрида бўлди

Қарағанди вилоятига амалий сафари давомида Давлат раҳбари Сарандаги «Silk Road Electronics» га қарашли заводни бориб кўрди. Унда маиший ва электрон техника ишлаб чиқарилади. Йил бошидан буён компания Қозоғистон савдо тармоқларига 100 мингта маҳсулот етказиб берди. 2027 йилгача завод бир миллионтадан зиёд маиший техника ишлаб чиқариш қувватига эришиш ҳамда МДҲ мамлакатларига маҳсулот экспорт қилиш ниятида.


Александр Критский, Meridian Company компанияси техник директори:


- Биз телевизор, чангютгич, кир ювиш машиналари, ошхона жиҳозлари, кичик печлар ва сув иситгичлар чиқарамиз. Қирғизистонга биринчи маҳсулотни юбордик, ҳозир МДҲ ва Божхона иттифоқининг бошқа давлатларига экспортни кенгайтириш устида ишлаяпмиз.

Жанубий Корея компанияси келиши билан ишлаб чиқариш кўлами ортиб боради. «Samsung Electronics Central Eurasia» етакчиси Минки Чу бу майдончада Корея бренди остида телевизорлар ва автоматик кир ювиш машиналари  ишлаб чиқаришни режалаштирган. Шунингдек, Сарань шаҳрида Давлат раҳбари шина чиқарувчи заводга борди. Қосим-Жўмарт Тўқаев ишлаб чиқариш цикли ва корхонани ривожлантириш истиқболлари билан танишди. Биринчи йилда корхонада 1 миллионта, 3 йилдан кейин эса 3,5 миллионта шина чиқарилиши кутиляпти. Таъкидлаш лозимки, автомобилларнинг бу маҳсулоти «Attar» бренди остида чиқади ва халқаро стандартлар бўйича сертификатланади. Шиналар ички ва ташқи бозорларга юборилади. Жорий йилнинг ўзида мамлакатда ишлаб чиқарилаётган JAC автомобилларига улар қўйилади. Маҳсулотларнинг бирига Давлат раҳбари ўз автографини қўйди.


Дмитрий Пророков, Шина маркази йиғиш-тайёрлаш участкаси бош муҳандиси:


- 13-20 дюймли шиналар, турли ўлчамдаги маҳсулот чиқарилади. 16 дюймли шиналарни тайёрлаш жараёнини кўриб турибсиз. Бошқа линияда 15 дюймлилари йиғиляпти. Ишлаб чиқариш қуввати 3,5 миллионта шина чиқариш имконини беради. Шундан 3 миллионтаси енгил, 500 мингтаси юк машиналари учун.


Қосим-Жўмарт Тўқаев Шахтёр қишлоғидаги ижтимоий объектларни ҳам бориб кўрди. Унда жисмоний соғломлаштириш мажмуаси ишлаб турибди, волейбол, баскетбол, футбол, стол тенниси ва қозоқ кураши секциялари бор. Бу ерга бошқа қишлоқлардан ҳам болалар келади.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

– Келажакда сизлар чемпион бўласизлар, деб ўйлайман. Энг муҳими эса соғлом танда соғ ақлни тутиб туриш. Спорт – биринчи навбатда соғлом ҳаёт тарзи. У ақлингизни равшан қилади. Сизларга муваффақият тилайман!


Давлат раҳбари таъмирланган Маданият уйида ҳам бўлди, пуфловчи чолғу асбоблари оркестри жамоаси билан суҳбатлашди. Минтақада спорт ва маданий лойиҳаларни рўёбга чиқариш зарурлигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев қишлоқ аҳли билан учрашди. Президент қишлоқларни ривожлантириш учун давлат алоҳида эътибор қаратаётганини, фермерларга ёрдам кўрсатилишини таъкидлади.


Абдумалик Сарманов таржимаси