Давлат раҳбари Миллий гвардия авиабазасининг очилишида қатнашди

Қозоғистон Қуролли кучларимустақил мамлакатнинг мустаҳкам қалқони, тинчлик ва барқарорлик таянчи. Қосим-Жўмарт Тўқаев Астанадаги Миллий гвардия авиабазасининг очилишида қатнашди ва нутқ сўзлади. Президент – Қозоғистон Қуролли кучлари Олий Бош қўмондони тадбир қатнашчиларини яқинлашиб келаётган Ватан ҳимоячиси куни билан табриклади. Президентнинг таъкидлашича, ушбу байрам ватанпарварлик ва жанговар руҳни кўтаради.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Авиабаза очилиши – Миллий гвардия учунгина эмас, бутун армиямиз учун муҳим воқеа. Авиабаза куч ишлатувчи тузилмалар салоҳиятини кенгайтиради, авиациянинг тезкор парвозлар учун имкониятларини  оширади. Давлат қуролли кучларни таъминлаш ва ҳарбий инфратузилмаларни ривожлантиришга катта эътибор беряпти.

Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон ҳарбий хизматчиларининг профессионал даражасини алоҳида тилга олди. Улар БМТ васийлигидаги турли халқаро миссияларда муваффақиятли иштирок этяпти. Жорий йилда биринчи мустақил ҳарбий қисм сифатида Ғўлон тепаликларида вазифаларини бажаришга киришди. Тошқинлар вақтида ҳарбий хизматчилар табиий офатга қарши курашда ва қозоғистонликларга ёрдам беришда матонат намунасини кўрсатди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ҳарбий учувчиларимизнинг профессионаллиги ва маҳоратини алоҳида кўрсатиб ўтишни истардим. Улар табиий офат юз берган ҳудудларга гуманитар юкларни ўз вақтида ва талофатсиз етказиб беришди, фуқароларни хавфсиз жойларга кўчиришда қатнашишди. Оғир дамларда халқ билан ҳамнафас бўлган аскарлардан миннатдорман.

Давлат раҳбарига янги авиация ва жанговар, махсус техника намуналари намойиш қилинди. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев авиабазанинг қатор инфратузилмавий объектларини кўздан кечирди. Тегишли жанговар вазифаларни бажариш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Астана аэропорти яқинида жойлашгани сабабли персонал ва техникани етказиш, ҳаво  разведкасини олиб бориш ва жабрланганларни олиб кетишни таъминлаш имкони бор.

Абдумалик Сарманов таржимаси.