Жаҳон пандемия билан юзма-юз келганидан буён 1 йил вақт ўтди. Қисқа вақт мобайнида бу инфекция инсоният ҳаётини ўзгартириб юборди. COVID-19 дунёнинг 192 давлатида рўйхатга олинди. Хавфли вирус Қозоғистонни ҳам четлаб ўтмади. Дастлабки хасталаниш ҳолатлари мамлакатимизда 13 март куни аниқланди. Шундан кейин вирус фаол тарқала бошлади. Балонинг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўрилиши зарур эди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев фармонига кўра, мамлакатда 16 мартдан 15 апрелгача фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Одамлар яккаланиши талаб қилинди. Бир зумда таълим ва меҳнат тартиби ўзгарди. Ҳаёт тарзи мутлақо бошқача шаклга кўчди. Байрам концертлари томошабинсиз ўта бошлади, кўплаб маданий тадбирлар кейинга қолдирилди. Ҳозир 2020 йил баҳори ва ёзини, вирус ҳеч кимни аямаётган вақтларни эсласак, халқни таслим бўлмасликка чақирган таниқли қўшиқчи Марат Умаровнинг «Коронавирус, кет!» ашуласи ёдга тушади.
Пандемия пайтида маънавий-моддий ёрдамга муҳтожлар жуда кўп эди. Қозоғистон жаҳондаги саноқли - чеклов чоралари туфайли даромадини йўқотганларга нафақа тўлаган давлатлардан бири бўлди. 42 минг 500 тенге миқдоридагинафақа 2 миллион 400 минг юртдошимизга тўлаб берилди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, коронавирус тарқалиши энг аввало тиббиёт ходимлари учун жиддий синов бўлди. Энг бошида деярли мутлақо номаълум касаллик соҳа ривожланишига яхшигина туртки берди.
Ержан Байтанаев, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиология назорати қўмитаси расмий вакили:
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги коронавирус инфекциясининг олдини олиш тезкор марказлари кеча-кундуз ишлашда давом этяпти. Ўзингизга маълум, бир йилдан буён мазкур вирусга қарши курашга бор кучимизни сафарбар қилганмиз. Мамлакатда коронавирус ташхиси бўйича 145 лаборатория ва 64 материал тўплаш пункти ишлаб турибди. Ўз вақтида тиббий кўмак кўрсатилиши учун шаҳарларда 16 та модуль шифохона қурилди ва фойдаланишга топширилди, 3 та юқумли касалликлар шифохонаси қайта тикланди. Йил давомида яна 63 поликлиника ишга туширилди.
Олимлар фикрича, коронавирусни тизгинлаши мумкин бўлган вакцинага умид қилмоқдамиз. Бу муаммони ҳал қилишга қозоғистонлик олимлар ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Бугунги кунда ўзимизда яратилган QazCovid-іn вакцинаси синовдан ўтказилмоқда.
Эпидемия туфайли кўплаб юртдошларимиз яқинларидан айрилди, одамлар саломатлик қадрини тушуниб қолди. Хасталаниш хавфи камайгани билан пандемия ҳали бартараф этилганича йўқ. Бу ҳақда Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Twitter саҳифасида эслатди. «Барча юртдошларимизни ўзи ва яқинларини эҳтиёт қилишга чақираман», деди давлат раҳбари.
Абдумалик Сарманов таржимаси