Comic Сon Аstana-2023 халқаро фестивали давом этмоқда

Comic Сon Аstana-2023 халқаро фестивали давом этмоқда

Комикс, кино, видеоўйинлар ва аниме. Жаҳонда кенг тарқалган гик-маданият вакиллари тўрт йилдан сўнг яна Қозоғистонда тўпланди. Бугун Comic Con Astana халқаро фестивали бошланди. Келгуси уч кун давомида мухлислар «Галактика соқчилари» картинаси юлдузлари Шон Ганн ва Майкл Рукер, «Фантастик саргузаштлар» фильмида ўйнаган актёр Александр Кузнецов каби жаҳонга машҳур мутахассислар билан учрашиши мумкин. Эксклюзив интервью чоғида улар Қозоғистон киносаноатини юқори баҳолашларини айтиб ўтди.

Aлександр Kузнецов, aктёр,  Comic Con Astana хедлайнери:
- Мен шу ерда 6 ой давомида «Бахши» телесериалининг суратга олиш ишларида қатнашдим. Маҳаллий актёр ва операторлар, режиссёрлар орасида кам учрайдиган иқтидор эгаларини кўрдим. Уларнинг маҳорати таҳсинга лойиқ. Локациялар жуда ажойиб. Исландияга ўхшайди, фақат Шарқда жойлашган.  Исталган нарсани суратга олиш мумкин. Бу имкониятларни дунёга кўрсатиш керак.

Женис Ермуқанов, мухбир:
- Бу ерда жаҳонга машҳур комиксларнинг алвон турли қаҳрамонларини, миллий афсоналарда мадҳ этилган мард паҳлавонларни учратиш мумкин.

Фестиваль доирасида косплей танлови ўтказиляпти. Унда қатнашиш учун 3 мингга яқин ариза тушган. Номзодларнинг 150 нафари саралашдан ўтди. Уларнинг ярми севимли қаҳрамонларини намойиш қилиш учун хориждан келган. Ғолибларга қиймати 10 миллион тенге бўлган мукофот жамғармаси тайёрланган.

Taryn, Италиялик косплейер, Ҳакамлар ҳайъати аъзоси:
- Иштирокчилар ҳақида нима дейиш мумкин? Менга ҳаммаси маъқул. Ёшлар ичида артистлик қобилиятини намойиш эта оладиганлар кўпчилик. Улкан аудитория қаршисида санъатини кўрсатиш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Ҳар бири  ҳаракат қиляпти.  Энг зўрини ажратиб олиш қийин.

Жорий йилдаги дастурда аниме ва мангадан тортиб, J-Pop ва K-Pop-гача бўлган замонавий Осиё маданияти алоҳида мавзу сифатида ягона кўргазмага бириктирилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.