Қўстанайда рўй берган ўрмон ёнғинлари бошланганидан бери аҳоли манзилларидан икки мингдан ортиқ одам кўчирилди. Улардан кўпчилиги ҳозирда ўз уйига қайтди, яшаш жойларидаги хавф бартараф этилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильин маълум қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, асосий олов ўчоқлари ўчирилган, фақатгина Бағанали посёлкаси яқинидаги битта участка қолган. Бу ерда кеча кундузги пайтда олов аҳоли яшаш манзилига ўтиш хавфи туғилган. Бироқ ўт ўчирувчилар тураржойлар ва хўжалик биноларини сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Ҳозирда муҳандислик техникаси ўт тарқалмаслиги учун ерни шудгор қилмоқда. Маълумки, тунда минтақада қаттиқ ёмғир ёққан.
Юрий Ильин, Қозоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири:
– Кўп ҳолларда, албатта, аҳвол табиатнинг сюрпризларига боғлиқ. Шамол сониясига 28 метрга қадар кучайиши айтиляпти. Шунга мос равишда ўт тарқалиш хатари юзага келиши мумкин. Чунки тутаб ётган алоҳида майдонлар мавжуд. Айни пайтда бутун бўлинма фаол ва жадаллик билан иш олиб боряпти, жумладан, олов ўчоқларини тугатиш учун ҳаракат қилинмоқда.
Айни пайтда, экологлар ташвиш билдирмоқда. Улар фикрича, Қўстанай вилоятида ёниб кетган ўрмонларни тиклаш учун 15 йилга яқин вақт талаб қилинади. Дастлабки ҳолатига қайтариш учун эса камида 70 йил керак.
Хуршида Абдуллаева таржимаси.