«Climate Talks» халқаро конференцияси бўлиб ўтди

«Climate Talks» халқаро конференцияси бўлиб ўтди

Иссиқхона газлари чиқаришни қисқартириш ва глобал исиш. Иқлим ўзгаришининг шу ва бошқа оқибатлариига қарши қандай курашиш мумкин? Астанада ўтказилган «Climate talks» халқаро таълимий конференцияси иштирокчилари ушбу саволларга жавоб излади. Ушбу тадбир ва талабаларнинг «яшил» лойиҳалари кўргазмаси ҳақида ҳамкасбларим ҳикоя қилади.

Ушбу оранжереяда Назарбоев университети талабалари тажриба ўтказади: бизнинг минтақаларда яшай олмайдиган ўсимликларни ўстириш билан шуғулланади. Улар мамлакат экологиясини яхшилаш ва шаҳардаги дам олиш учун қулай зоналарни ривожлантиришга аҳд қилган.

БАТИРХАН ИСЕНБЕКУЛИ, ЛОЙИҲА МУАЛЛИФИ:

- Мисол учун Бенжамин фикуси дарахтини кўриб чиқайлик. У бизнинг ҳудудларда умуман йўқ. Буниси кўчатдан етиштирилди. Астанага, айниқса, қишда қуёш нурлари кам тушади. Куннинг узунлигига келсак, ҳаддан зиёд қисқа. Субтропик ва тропик минтақалардаги ўсимликлар учун бу етарли эмас. Шунинг учун биз фитолампалар қўйдик. Улар шомдан тонггача ёниб туради. Шу тариқа, қуёш нури етишмаслиги муаммосини ҳал қилишга интиляпмиз. Улар автоматик тартибда ёниб-ўчади.

Экологик тоза қурилиш материаллари иссиқхона газлари учишини 90 фоизгача қисқартиради. Ушбу эколойиҳа муаллифлари фикри шундай.  Улар айтишича, одатдаги бетонни геополимерлар билан алмаштириш атроф-муҳитни ифлослантириш муаммосини ҳал қилади.

НУРТАЙ ҚЎЖАГЕЛДИ, ЛОЙИҲА МУАЛЛИФИ:

- Цемент ўрнига кўмирдан қолган қурум, металл ишлаб чиқаришдан чиқадиган қиринди ишлатамиз. Жаҳондаги карбонат ангидриднинг 7 фоизи цемент туфайли ҳавога чиқади. Шунинг учун биз мана шу бўлакчалар ёрдамида унинг ўрнини босадиган модда тайёрлашга ҳаракат қилдик. Қум ўрнига шиша синиқлари ва пластик ташланади. Олинган бетон одатдаги бетон каби пишиқ ва узоқ муддат хизмат қилади. Демак, ундан қурилишда ҳам фойдаланиш мумкин.

Кўргазмада талабалар яна қатор «яшил» ноу-хауларни тақдим этди. Улар қаторида мойдан биодизель олиш, электр энергияси ишлаб чиқарувчи велотренажёр, табиий биогумус олиш, ногиронлар аравачалари учун электр ускуна ва бошқалар бор. Уларнинг мавзулари ва йўналиши БМТ Тараққиёт дастури йўналишларидан бирига мос.

ГУЛМИРА СЕРҒАЗИНА, ҚОЗОҒИСТОНДАГИ БМТ ТАРАҚҚИЁТ ЛОЙИҲАЛАРИ ПОРТФЕЛИ МЕНЕЖЕРИ:

БМТ Тараққиёт дастури қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш, энергетик самарадорлигини ошириш, энергия тежаш бўйича қатор лойиҳаларга эга. Мамлакат бўйлаб фаол иш олиб бориляпти. Минтақалар қамраб олинган. Вилоятларда ижро органлари билан ҳамкорлик қилиняпти. «Яшил» иқтисодиёт, инновациявий технологияларни жорий этишни жадаллаштириш учун молиявий механизмлар тарғиб қилинмоқда. Бу иш келгуси йилларда ҳам давом этади. Қозоғистон ҳукумати ҳам шундай яқин ҳамкорлик йўлларини таклиф этишига умид қиламиз.

2060 йилга қадар мамлакат энергия балансида чиқинди ҳажми ноль фоизга  етиши мўлжалланган. 2050 йилгача Қозоғистон иқтисодиётида яшил энергия улуши 50 фоиздан ошиши режалаштирилган.

Абдумалик Сарманов таржимаси