Қозоғистонда
васийлик органлари штати салкам 4 марта
кенгайтирилади.
Бу иш билан шуғулланувчилар сони 300
нафардан 1 минг 360 нафаргача ортади. Шу
тариқа, ҳар беш минг нафар вояга етмаган қозоғистонликка биттадан
мутахассис бириктирилади. Маориф вазирлигининг тегишли қўмитасида таъкидлашларича, Қозоғистонда
болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масаласида халқаро тажриба фаол жорий
этиляпти. Шу жумладан, мамлакатда ёш қозоғистонликларга
ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам марказлари очилган. Тизимни ислоҳ қилиш доирасида
кейс-стади усули асосида васийлик органлари мутахассислари учун
семинар-тренинглар ташкил этиляпти. Астанада бўлиб ўтган навбатдаги тадбирда
160 нафардан зиёд ходим қатнашди. Уч кун давомида Maqsut Narikbayev University
биносида шошилинч ёрдам кўрсатиш, бола манфаатларини муҳофаза қилиш, соҳага
рақамли ечимларни жорий этиш масалалари кўрилди.
Рашед Мустафа Сарвар, ЮНИСЕФнинг
Қозоғистондаги вакили:
- Вилоят ва туман ҳокимликлари қошида
болалар ҳуқуқларини муҳофаза этувчи департаментлар очилаётганидан мамнунмиз. Бу
жуда муҳим қадам, у давлатнинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши бўйича барча
индикаторларни бажараётганини кўрсатади. Бугунги кунда Марказий Осиё
давлатларидан ҳар бири бу йўналишда ишлаяпти, лекин Қозоғистон бу соҳада Марказий
Осиёда энг илғорлардан эканлигини яққол кўриб турибман.
Насимжан
Ўспанова, Қозоғистон
Республикаси Маориф вазирлиги Болалар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш қўмитаси раиси:
- Мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмини
болалар ташкил қилади. Уларнинг таълим олиши, соғлом ҳаёт кечириши, ижтимоий
ёрдам ва соғлом оилада яшаши кафолатларини таъминлашимиз керак. Барча томонлар,
шу жумладан, давлат органлари халқаро амалиёт доирасида ишлашимиз зарур. «Беш
мингтага битта ходим» стандарти жорий этилиши ҳам бу борада катта қадам
қўйилганини кўрсатади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

