Nur Otan партияси номи «Аманат» деб ўзгартирилади. Мажилис раиси Ерлан Кўшанов таклиф этган номни ўзгартириш таклифини бугун Қосим-Жўмарт Тўқаев қўллаб-қувватлади. Эслатамиз, Қозоғистон пойтахтида партиянинг навбатдан ташқари съезди ўтказилди, унда улкан ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Мамлакат Президенти сиёсий ташкилотни тўла трансформация қилиш зарурлигини тилга олди. Шу жумладан, бюрократиядан воз кечиш ва сайловчилар билан ишлаш кўзда тутилган. Съездда партия сиёсий кенгашининг янги аъзолари сайланди. Унга бош вазир Алихан Смаилов ва президент девони бошлиғи Мурат Нуртлеу ҳам киритилди. Мажилиснинг собиқ спикери Нурлан Ниғматулин ва Павлодар нефть-кимё заводи бош директори Ўспанбек Алсеитов лавозимини бўшатди. Шунингдек, кадрлар қисқартирилиши кутиляпти. Шу тариқа, минтақаларда партия раиси ўринбосарлари бўлмайди. Улар вазифасини котиблар бажаради. Айни вақтда, ташкилот жамоат кенгашлари анча қисқаради.
Абдумалик Сарманов таржимаси