Чимкентда шаҳмат бўйича аёллар ўртасида жаҳон гран-при турнирининг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда. Бугун беллашувларнинг учинчи куни. Нуфузли мусобақада Қозоғистон, Хитой, Ҳиндистон, Германия, Греция, Болгария ва Монголиядан келган жами 10 нафар гроссмейстер иштирок этяпти. Мамлакатимиз шарафини Бибисара Асаубаева ҳимоя қилмоқда. Турнирнинг мукофот жамғармаси 80 минг евро. Умумий ҳисобда энг кўп балл тўплаган икки иштирокчи 2026 йилда дунё бўйича ўтказиладиган «Шаҳмат тожи» мусобақасига йўлланмани қўлга киритади.
Ажар Аманова, халқаро шаҳмат федерациясининг Digital Маркетинг мутахассиси:
- Қозоғистон учун бу турнирни ўтказиш катта шараф, шу юрт фуқароси ҳамда ФИДЕ вакили сифатида бундай тадбирларни юқори даражада ўтказаётганимизни катта ютуқ деб биламан ва ғурурланаман. Бу борада Қозоғистон шаҳмат федерациясига миннатдорчилик билдирамиз. Умуман, аёллар ўртасидаги Гран-при Қозоғистонда биринчи марта ўтказилаётгани йўқ, бунга қадар 2022 йилда Астанада ташкил этилган. Шаҳмат бўйича халқаро тадбирларни ўтказишда мамлакатимиз катта тажрибага эга.
Абдумалик Сарманов таржимаси.