261 миллиард тенге эвазига янги ижтимоий объектлар қурилади

261 миллиард тенге эвазига янги ижтимоий объектлар қурилади

Қозоғистонда келаси 4 йил ичида янги ижтимоий объектлар барпо этилади. Уларнинг умумий қиймати 260 миллиард тенгедан зиёдга баҳоланган. Улар давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги механизми доирасида очилади. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати маълум қилган. Ҳукумат раҳбари Алихан Смаилов 2024-2028 йилларга мўлжалланган мажмуавий режани тасдиқлаш тўғрисидаги тегишли қарорни имзолади. Таъкидланишича, ушбу ҳужжат Давлат раҳбари топшириқларининг бажарилиши доирасида қабул қилинган. Қосим-Жўмарт Тўқаев ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш учун хусусий инвестиция жалб қилишга чақирди, бунда улар улуши 70 фоиздан кам бўлмаслиги керак, 30 фоизи эса давлатга тегишли. Умуман, режага кўра, мамлакатда олий таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, спорт ва маърифий соҳага доир 43 та объект қурилади. Бу, шу жумладан, талабалар тураржойлари, поликлиникалар, реабилитация ва ўқув-соғломлаштириш марказлари, спорт заллари, шунингдек, ўқувчилар саройлари ва санъат мактаблари.

 Динара Алимова, Матбуот котиби:
– Бундан ташқари, қабул қилинган мазкур мажмуавий режа доирасида 3 та янги поликлиника ҳамда 3 та реабилитация маркази, 8 та янги спорт заллари, 5 та ўқув-соғломлаштириш маркази 5 та ўқувчилар саройи ва 10 та санъат мактаби очилиши кўзда тутилган.

Объектлар қурилганидан сўнг уларни хусусий ҳамкорлар бошқариши кутилмоқда. Бироқ бунинг бир шарти бор, улар 10 йил давомида ушбу биноларга техник хизмат кўрсатилишини таъминлаши лозим бўлади. Шу билан бирга, айтиш керакки, янги объектлар фойдаланишга топширилгач, давлат мулкига ўтказилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.