Астанада бўлиб
ўтган Марказий Осиё халқаро почта саммитида 20 тадан зиёд шартнома имзоланди.
Ҳужжатлар трансчегара логистикаси, савдо ҳажмини ошириш, глобал етказиб бериш
занжиридаги муҳим ҳалқа сифатида Қозоғистоннинг мавқеини мустаҳкамлашга хизмат
қилади. Минтақа давлатларидан ташқари Европа, Жанубий-Шарқий, Шимолий-Шарқий ва
Шарқий Осиё мамлакатлари миллий почта операторлари, логистика компаниялари
билан шартномалар тузилди. Тадбирда Бутундунё почта уюшмаси ва электрон тижорат
соҳаси пешқадамлари вакиллари фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Улар савдо ва
транзит ҳажми ўсиши учун ҳаракатлантирувчи кучга айланди.
Азамат Кескинбаев, «Қозпочта» АЖ Молия бўлими бошқарувчи
директори
- Ҳозир кўплаб йирик логистика
компаниялари бозорга чиқмоқда, операторлар
эса логистика компаниялари билан муносиб рақобат қила олиши лозим. Мазкур
майдончада биз «Қозпочта» мисолида ўзаро коллаборацияга эришиш ва қўшма бизнес
яратиш орқали кучайиш тажрибасини баҳам кўряпмиз. Компания даромади мунтазам ошмоқда, 2024 йилда биз тарихда биринчи марта 100
миллиард тенгедан зиёд даромад кўрдик.
Жўнатмаларни
етказиб бериш тезлиги жараёнлар автоматлашган тақдирда анча ошади. Форумда
почтадаги технологик жараёнлар аҳамияти алоҳида тилга олинди. Таъкидлаш
лозимки, Қозоғистон миллий почта операторини
саралаш ва етказиб бериш хизматини роботлаштириш устида фаол ишламоқда. Ўтган йили Қозпочта 20 миллионтадан зиёд
жўнатмани эгасига юборди. Уларнинг ярми – хориждан.
Компания ускуна чиқарувчи трансмиллий, хитой
ва япон компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда.
Ючиро Ишибаши, Toshiba corporation корпорациясининг вице-президенти, Япония:
- Биз дунё бўйича 1 минг 500 тадан зиёд саралаш машиналари
ва бошқа тизимларни сотганмиз. Ҳозирча Марказий Осиёдаги тажрибамиз у қадар катта
эмас. Лекин минтақада шу жумладан, Қозоғистонда фаол ишлаш ниятидамиз. Бир неча
кун аввал саралаш марказига кичик тизим ўрнатдик. Эртадан синов ишларини
бошлаймиз. Тизимимиз кўнгилдагидек ишлаши, Қозпочта фаолиятини яхшилашга хизмат қилишига ишонамиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси

