Буюк Дашт мамлакати тарихи жамланган асарлар

Буюк Дашт мамлакати тарихи жамланган асарлар

Тақинчоқларда қозоқ миллий мотивлари. Қарағандилик уста Георгий МариничЕнко этноуслубда нодир заргарлик маҳсулотлари ясайди. Асли касби қурувчи бўлган юртдошимизни ижод ўзига шу қадар жалб қилганки, бир пайтлардаги хоббисини бир умрлик ишга айлантирди. Ҳаммаси 13 йил олдин бошланган, уч йилдан бери эса уста миллий фольклор, анъанавий нақшлар ва мотивларни акс эттирувчи тақинчоқлар ясайди. Георгий айтишича, заргарлик техникасини мустақил ўзлаштирган ва чархлаб борган.

Георгий Мариниченко, заргар:

- Миллий услубдаги илк асарларим 3 йил аввал яратила бошланди. Булар исирғалар, гравюрали узуклар эди, гравюраларда қозоқ турмушидан лавҳалар акс этган. Қозоқ халқининг бирлиги – миллат яшаб қолиши ва муваффақияти учун асосдир. Бу ҳозирга қадар анъана бўлиб қолаётгани айни муддао, бу унутилмаган, заргарлик тақинчоқларим орқали буни кўрсатишга интиляпман... Мен учун қозоқ халқи – қадрдон миллат, шу ерда туғилганман, булар барчасини юзаки эмас, чуқурроқ ўрганиш мен учун қизиқ. Дашт руҳи ва анъаналарини англаш ҳам.

Заргарлик маҳсулотлари ғоясини яратиш, ясаш учун Георгий бир ой ва ундан ҳам кўпроқ вақт сарфлайди. Ўз асарларида фақат табиий ва маҳаллий ашёлардан фойдаланади. Бунинг учун мамлакат бўйлаб кўп бора саёҳат қилади.

Георгий Мариниченко, заргар:

- Ёғоч ишлатаман. Қорағач ёғочини оламан. Чунки, қарашларга кўра, қорағач – асл дарахт, қозоқ халқ маданиятида муқаддас саналади. Ва бу дарахт фақатгина бизнинг юртда ўсади. Суяк ҳам қўлланади, сигир суягини оламан, миллий ҳунармандчиликда жониворлар суяги, шохи, ёғоч, тош, металл, чарм кўп ишлатилган. Қозоғистонда бор тошлар қўлланади. Ўзим ҳам тош қазиб оламан.

«Made in Kazakhstan» бренди остидаги узуклар, билагузук ва занжирлар фақат ўзимизда эмас, хорижда ҳам юқори баҳоланади. Георгий Мариниченко тақинчоқларини АҚШ Франция, Жанубий Африка, Буюк Британиядаги мода ишқибозлари тақади. Уста янгидан-янги маҳсулотлар яратишни режа қилган, улар ҳам Буюк Дашт кўчманчиларининг кўҳна маданиятини ўзида акс эттириши шубҳасиз.

Абдумалик Сарманов таржимаси