Чимкент раҳбарияти Қирғизистондан сайёҳ жалб этиш ниятида. Қўшни республикада Қозоғистоннинг йирик шаҳридаги этномаданий, эътибор тортувчи ва кўнгилочар масканлар тақдимоти ўтказилди.
Бишкек ва Чимкент орасида беш юз километр масофа бор. Шарқ колоритига бурканган бой тарихга эга шаҳар сўнгги йилларда оммалашиб бормоқда. Гап фақат ички туристлар ҳақида эмас, хорижликлар ҳақида ҳам кетяпти.
Нурбек Сапаров, туроператорлар ҳамжамияти директори:
- Буюк Ипак йўли каби маҳсулот учун Тошкентга ҳам боришади. Ўзингизга маълум, Бишкекдан Тошкентгача анча йўл босиш керак. Чимкент бу саёҳатда қўниб ўтиладиган манзил сифатида сайёҳларни ўзига жалб қилиши мумкин. Ипак йўли турининг бир қисми сифатида тарихий жойларни кўрсатсак бўлади. Шунингдек, Чимкентга яқин бўлган Туркистонни ҳам.
Туроператорлар билан учрашувда замонавий Чимкент ҳақида ҳикоя қилинди. Шаҳарнинг мобиль иловаларга мослаштирилган рақамли майдончаси тақдим этилди. Виртуал реаллик шинавандалари уч ўлчамда этнографик тасвирни томоша қила олиши учун имконият яратилди.
Азамат Нуримбетов, Чимкент шаҳри туризм ва ташқи алоқалар бошқармаси бош мутахассиси:
- Тақдимотимиздан бош мақсад – маҳаллий туроператорларга улар мижозларига таклиф этиши учун Чимкентдаги имкониятларни очиб беришдан иборат. Тарихий иншоотлардан ташқари, Чимкент бугунги кунда мегаполис ҳисобланишини ҳам кўрсатиб ўтмоқчимиз. Шунингдек, бу туристик салоҳияти энг юқори бўлган шаҳарлардан бири. Йилига Чимкентга 300 минг сайёҳ келади, биз бу рақам 2025 йилгача бир неча марта ошишига эришмоқчимиз.
Тадбир ниҳоясида Чимкент шаҳри Туризм ва ташқи алоқалар бошқармаси ва Қирғизистон туроператорлари ҳамжамияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида рақамли меморандум имзоланди. Ҳужжат саёҳат учун янги йўналишлар очади ва қўшма корхоналарга давлат ёрдамини кўзда тутади.
Абдумалик Сарманов таржимаси