«Қозоғистон ва Буюк Британия. Стратегик ҳамкорлик». Лондонда икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Бу нашрда сиёсатчиларнинг ҳамкорлик йилларига оид фикрлари, чиқишлари, шунингдек, ўзаро алоқалар истиқболи тўғрисидаги маълумотлар ўрин олган.
Британиялик сиёсатчилар фикрига кўра, Қозоғистонда олиб борилаётган ислоҳотлар кўп планли икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун салоҳиятни ривожлантиришга хизмат қилади. Астана ва Лондон шу кунларда халқаро хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, узоқ муддатли савдо алоқалари, замонавий глобал чорловлар, жумладан, ядро, озиқ-овқат, энергетика ва сув хавфсизлиги масалаларига катта эътибор қаратаётгани сир эмас.
МАЙК ГИФФОРД, БУЮК БРИТАНИЯНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ СОБИҚ ЭЛЧИСИ:
- Сўнгги даврда мамлакатингизда сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар жадал суръатларда давом этяпти. Фикримча, бу ташаббусларни Британия ҳукумати ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур. Бўлиб ўтган президент сайлови ва олдинда турган парламент сайловлари фақат ҳукуматни эмас, бизнес-ҳамжамиятни ҳам қизиқтирмоқда. Бундай ўзгаришлар инвесторлар учун манфаатли.
Буюк Британия Қозоғистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари ўнталигидан жой олган. Бирлашган Қироллик мамлакат иқтисодиётига 20 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритди. Ўтган йил давомида йўлланган сармоя миқдори 20 фоизга ўсган, ўзаро савдо ҳажми январь-сентябрь ойларида 61 фоизга ошган.
МАҒЖАН ИЛЯСОВ, ҚОЗОҒИСТОННИНГ БУЮК БРИТАНИЯДАГИ ЭЛЧИСИ:
- Бугунги тадбирда ўтган 30 йил давомида иқтисодиётда, сиёсатда нималарга эришилгани тилга олинди. Мунозараларнинг кўп қисми ўзаро стратегик ҳамкорликни ривожлантириш учун келажакда нималар қила олишимизга бағишланди. Қишлоқ хўжалиги, майнинг, тоғ-кон саноати, яшил энергетика, транспорт, логистика соҳаларига қизиқиш катталиги кузатилди.
Қозоғистон ва Буюк Британия парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратяпти. Томонлар устувор шаклда бизнес ва қўшма лойиҳаларни биргаликда рўёбга чиқариш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси