Ерлан Қўшанов – Қозоғистон Парламенти Мажилиси янги раиси. Пленар йиғилишда депутат Ерлан Саиров унинг номзодини илгари сурди. Қоғоз бюллетенлар воситасида яширин сайлов ўтказилди. Бунинг учун Ҳисоб комиссияси ташкил қилинди, кабиналар жиҳозланди ва шаффоф сайлов қутиси ўрнатилди. Шуни ҳам айтиш керакки, Ерлан Қўшанов 2019 йилдан мамлакат Президенти девонига раҳбарлик қилган. Аввалроқ Қарағанди вилояти ҳокими бўлган, Бош вазир канцелярияси ва Фуқаро авиацияси қўмитасини бошқарган.
Ерлан Қўшанов, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси раиси:
– Биринчи навбатда менинг номзодимни қўллаб-қувватлаганингиз, ишонч билдирганингиз учун раҳмат. Аввал ҳам Парламентда ишлаш тажрибам бўлган. Сизнинг ёрдамингиз билан биргаликда давом этамиз. Мажилисга раҳбарлик қилиш алоҳида эътибор ҳамда Қозоғистон халқи ва Президенти қаршисида улкан масъулият юклашини яхши тушунаман.
Таъкидлаш лозимки, пленар йиғилишда депутатлар аввалроқ ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиши тўғрисидаги ариза берган Мажилис раҳбари Нурлан Ниғматулин ваколатини тўхтатиш тўғрисида қарорни бир овоздан қўллаб-қувватлаганди.
Абдумалик Сарманов таржимаси