Европарламент биносида қозоқ халқи тарихи, маданияти ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи фотокўргазма бўлиб ўтяпти. Ташриф буюрувчилар Астана қиёфаси, республикамиздаги кўҳна ёдгорликлар, шунингдек, юртимизнинг машҳур маданий арбоблари акс этган суратларни кўриши мумкин. Экспозиция Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган. Экспозиция очилишида Қозоғистоннинг Бельгиядаги элчиси Марғулан Баймухан айтиб ўтганидек, Буюк Ипак йўли Осиё ва Европа ўртасида маданиятлараро ва савдо-сотиқ борасида ўзаро алмашинувга асос солган, бу ҳозирга қадар шу вазифани бажариб келмоқда. Шу билан бирга, дипломат мамлакатимиз тинчликсевар ва кўпвекторли ташқи сиёсатга амал қилишини таъкидлади.
Марғулан Баймухан, Қозоғистоннинг Бельгия ва Люксембургдаги элчиси, еи ва натодаги миссия раҳбари:
- Биз Европа Парламенти билан ижобий, конструктив муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз, бугунги қўшма кўргазма барча Европа парламентарийлари, мазкур Европа институти ходимлари ва меҳмонлари учун Қозоғистон тарихини билиш, анъаналарни тушунишга имкон яратади. Ўйлайманки, бундай маданий ҳамкорлик юртимизнинг ўзига хослигини, афзал жиҳатларини чуқурроқ англашга йўл очади.
Гельмут Гойкинг, Европарламент депутати:
- Қозоғистон фақат фойдали қазилма бойликларга мўл мамлакат сифатидагина эмас, балки ҳудуди жиҳатдан дунёда 9-ўринда турадиган, майдонининг 11 фоизи Европада бўлган жой ўлароқ ҳам муҳим роль ўйнайди, у Европа учун аҳамиятли савдо ва инвестициявий шерикдир. Бу мультимаданиятли ва кўпмиллатли давлат, демократик ва сиёсий ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда, бу ерда ҳуқуқ устиворлиги, инсон ва фуқаролик жамияти эркинлиги ёшлар учун ижобий истиқбол яратади. Ва ушбу кўргазма Қозоғистон Иттифоқ учун келажакда ҳам яхши ҳамкор бўла олишига ишонч уйғотади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.