Икки давлат ўртасида тузилган беш йиллик шартномада йилига шунча маҳсулот жўнатилиши кўрсатилган. Жорий йил охиригача бу йўналишда Қозоғистон бир миллион 150 минг тонна хом нефть жўнатиши режа қилинган. Озарбайжон Энергетика вазири Парвиз Шахбазов шундай баёнот берди. Эслатамиз, 86 минг тонна миқдоридаги биринчи партия март ойида жўнатилган. Ҳозирги вақтда мамлакатимиз имкониятлари ҳамда Озарбайжон трубопроводлари ўтказиш қуввати муҳокама қилиняпти.
Парвиз Шахбазов, Озарбайжон Республикаси энергетика вазири:
- Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасида Озарбайжон орқали бир ярим миллион тонна Қозоғистон нефти етказиб бериш бўйича шартнома бор. Апрель ойида бу ишлар бошланиб кетди. Ҳозир 12-14 та нефть ортилган танкер Қозоғистондан Озарбайжонга келяпти. Йил охиригача бир миллион 150 минг тонна маҳсулот олишни режалаштирганмиз. Менимча, бу ҳамкорликнинг бошланиши, холос. Чунки бундай фаолиятнинг истиқболлари катта. Келажакда катта ҳажмда иш юритиш имкони мавжуд. Озарбайжон орқали халқаро бозорларга маҳсулот олиб чиқиш юзасидан «Боку-Супса» трубопроводидан фойдаланиш мумкин. Ҳозир музокаралар давом этяпти. Ўйлайманки, ҳамкорликни кенгайтириш, экспорт қилинаётган маҳсулот ҳажмини ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Эслатамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги Қозоғистон муқобил йўналишлар орқали нефть экспортини кенгайтиришини маълум қилганди. Озарбайжон орқали 6-6,5 миллион тонна маҳсулот юбориш мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси.