Қозоғистонликларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга оид грантлар учун аризалар қабул қилишнинг учинчи босқичи 29 августда бошланади. Шу жумладан, қондош мақомига эга, ногирон, кам таъминланган оила вакиллари, шунингдек, бошқа ёшлар ўз бизнес лойиҳаларини тақдим этади. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги берган маълумотга кўра, учинчи босқичда 7 мингга яқин фуқаро ёрдам пули олади. Грант олишнинг ҳам ўз қоидалари бор.
Аяулим Берекенова, Қозоғистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг аҳолини иш билан таъминлаш департаменти бошқарма бошлиғи:
– Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, грант олишни истаган фуқаролар аввалига «Бастау бизнес» лойиҳаси бўйича тадбиркорлик асосларини ўрганиши зарур. Шу кунгача «Бастау бизнес» лойиҳаси бўйича таълим дастури Skills.enbek.kz майдончасида онлайн форматда амалга оширилди. Грантларни молиялаштириш учун республика бюджетидан пул ажратилди, шунингдек, жорий йилда Президент Миллий жамғармасидан қўшимча грантлар бор. Бунинг учун жами 24,5 миллиард тенге ажратилди, 23 минг фуқарога грант берилиши режалаштирилган.
Айни вақтда, грант олувчиларнинг маблағни кўрсатилган мақсадларга сарфлаши бир йил давомида назорат қилинади. Давлат ёрдамини олганлар ҳар уч ойда қўшимча ҳисобот бериб боради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.