Биринчи Мудофаа Вазири юбилейига атаб кўргазма очилди

Қозоғистонда биринчи Мудофаа Вазири, Совет Иттифоқи қаҳрамони Сағадат Нурмағамбетовнинг 100 йиллиги нишонланяпти. Астанада мамлакат қуролли кучларини ривожлантиришга салмоқли улуш қўшган Халқ қаҳрамонига аталган кўргазма очилди. Экспозицияда армия генералининг парад формаси, ҳужжатлари ва мукофотлари, уруш ва урушдан кейинги йилларга оид ноёб фотографиялар, қаҳрамон ҳақидаги мақолалар намойиш этиляпти. Унинг 1994 йилда АҚШ Мудофаа вазири билан учрашуви ва БМТ йиғилишидаги иштироки акс эттирилган сурат бор.

Энг қимматли экспонатлардан бири - Қозоғистон Мудофаа қўмитасини Мудофаа вазирлигига айлантириш тўғрисидаги Фармон. Тадбир қатнашчилари Сағадат Нурмағамбетов ҳақидаги хотираларини баҳам кўрди.

Бақитжан Ертаев, Халқ қаҳрамони:

– Бизга янги раҳбар – Мудофаа қўмитаси раиси этиб Совет Иттифоқи қаҳрамони, генерал-лейтенант Сағадат Қўжахметович тайинланганини эшитганда қувонганимиз ёдимда. Ватанга қайтишга шошилдим. Унинг раҳбарлиги остида ҳатто оддий аскар бўлиб хизмат қилишга ҳам рози эдим. Шундай шахс билан кўришишни, саломлашишни истардим. Орзуларим ушалди.

Айсулу Нурмағамбетова, Сағадат Нурмағамбетовнинг қизи:

– Бу, албатта, мураккаб давр эди. Чунки, биринчидан, катта масъулият талаб қилинарди. Ҳар томон пароканда, офицерлар кетиб қолаётганди. Ўзингизга маълум, ўзини аямасдан ишлаган. Хизмат сафаридан тонгги 6 да учиб келарди, соат 8 да эса ишига йўл оларди.  Бизнинг: «Дадажон, тушгача ухлаб олинг, бирор нарса бўлиб қолмайди», деган сўзларимизни қабул қилмасди. 

Абдумалик Сарманов таржимаси.