Берлинда Қозоғистон киноси доирасида «Паралимпиячи» фильмининг Европа премьераси бўлиб ўтди. Кинокартина сюжети спортда юқори чўққига эришишни орзу қилган чанғичи ҳақида. Лекин фалокат юз бериб, қаҳрамон карьерасини давом эттириш имкониятидан маҳрум бўлади. Фақат паралимпиадачилар билан учрашув унинг ҳаётини ўзгартиради. Спорт драмаси томошабинни ларзага солади. Қаҳрамон қийинчиликларни енгиб ўтиб, орзусига эришадими, деган хавотир фильм давомида кишини безовта қилиб туради.
Маттиас Фоллерт, ГФР ташқи ишлар вазирлиги марказий осиё ва жанубий Кавказ департаменти бошлиғи:
- Фильм менга жуда ёқди. Таъсирлантирди. Кўп нарсаларга эришишни орзу қилган йигит ҳақидаги ғамгин ва айни вақтда чиройли ҳикоя. Тўсатдан ҳаётига қора кунлар кириб келади, ҳамма нарса кескин ўзгаради. Янги дўстлари муаммоларни ҳал қилиш, мақсадига эришишга ёрдам берди.
Марие-Кристине кноп, томошабин:
- Фильмдан жуда ҳаяжонландим. Муаллиф мураккаб воқеаларни эҳтирослар билан уйғунлаштирган, қаҳрамонлар билан бирга ҳис қиласиз. Карьера, оила, дўстлик. Ҳаммаси бор. Мени қойил қолдирди.
Кино намойишидан сўнг томошабинлар премьерага етиб келган фильм ижодкорлари билан учрашди. Тўпланганлар кадр ортида қолган мураккаб жараёнлар, турли воқеалар ҳақида маълумотга эга бўлди.
Алдияр Байракимов, «Паралимпиячи» фильми режиссёри:
- Паралимпиячимиз Александр Колядин бошидан ўтган воқеаларга асосланган ҳикоя менга қаттиқ таъсир қилганди, у 2018 йилда Пчёнчхан паралимпиадаси ғолиби бўлган. Биз одамларга илҳом берувчи кино яратишни истадик. Сеансдан чиққан одамлар қандайдир ютуқлар сари ҳаракатланишга тайёр бўлишини истардик. Жуда совуқ бўлган. Щучинскда ўрнатилган декорацияларни шамол учириб кетарди. Асқар Ильясов юпқа чанғи кийимида эди, спортчи ташқарига чиқиши, чанғи учиши керак эди, холос. Лекин дубллар бошланиб кетди. Совуқ емаслиги учун бутун жамоа ҳалак. Жуда мураккаб кечган. Актёрларнинг кўпчилиги чанғи учишни билмасди. Олимпиада чемпиони Елена Хрусталёва актёрларни бир ой ичида бунга тайёрлади.
«Паралимпиячи» жаҳон бўйлаб сафарини давом эттиряпти. Берлиндан аввал фильм Тошкентда тақдим этилганди. Энди картина Франция ва АҚШга боради.
Абдумалик Сарманов таржимаси.