Қозоғистон Республикаси Бош вазирига тегишлик вазирлик раҳбари Ербўл Қарашўкеев шундай ваъда берди. Ҳукумат йиғилишида у баҳорги дала ишларига тайёргарликнинг бориши хусусида маълумот берди. Вазир таъкидлашича, жорий йилда мамлакат бўйича 23 ярим миллион гектарга уруғ қадалади. Донли ва донли-дуккакли ўсимликлар майдони 117 минг гектарга, озуқа экинлари - 36 ярим минг гектарга, қанд лавлагиси далалари 6,7 минг гектарга кенгаяди. Қарашўкеев таъкидлашича, маҳсар, соя, хантал ва бошқа мойли ўсимликлар майдони бир оз қисқаради. Сабаб - бозордаги вазият ўзгариши. Шунингдек, февраль ойи бошида ва ўртасида республиканинг кўп қисмида ёғинлар маромида ёғмагани таъкидланди. Қор кам тушган ҳудудлар бор. Ербўл Қарашўкеев огоҳлантиришича, миришкорлар заминда намликни тўплаш ва сақлаб қолиш бўйича иш олиб бориши зарур. Бош вазир ўз нутқида агросаноат мажмуасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида баҳорги экин ишлари учун жорий йилда 140 миллиард тенге ажратилганини билдирди.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:
- 413 минг тонна имтиёзли дизель ёнилғиси ажратилди. Олдиндан харид қилиш учун 20 миллиард тенге, субсидия сифатида 87 миллиард тенге ажратилган. Давлат ёрдамини олиши учун фермерлар ҳам ҳаракат қилиши зарур. Улар барча агротехнологияларга риоя этиши, вақтида ўғит солиши, ўсимликларни муҳофаза қилиш воситаларидан фойдаланиши керак. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоят ҳокимликлари баҳорги ишлар вақтида ўтказилишини таъминлаши учун барча чора-тадбирлар кўриши зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси