Ақмўла вилояти археологлари яна бир кашфиёт қилди. Красний Яр қишлоғи яқинидаги Бўтай маданиятига оид қадимий манзилгоҳда ноёб артефактлар топилди. Улар орасида найза ва пайкон учлари, дротиклар, болта, игна ва бошқа меҳнат қуроллари бор. Муҳим топилмалар сифатида эса суяк пичоқ, гарпун ва орнамент чизилган от бармоқ суягини кўрсатиш мумкин. Беш юздан зиёд буюм қўлга киритилди. Мутахассислар таъкидлашича, артефактлар яхши сақланиб қолган. Улар бўтайликларда турли касб-ҳунарлар яхши ривожланганини кўрсатади.
Руслан Хайргелдинов, археолог:
– Қазув ишлари давомида суяк пичоқ топдик. Бундай буюм 40 йилдан буён Бўтай манзилгоҳларида биринчи марта қўлга киритилди. Уста пичоққа икки томонлама ишлов берган, ўткирлаган. Красний Яр яқинида гарпун топилди. Бунга ўхшаган топилма охирги марта 20 йил аввал учраганди. Гарпун бўтайликлар балиқ овлаганининг исботи бўла олади.
Топилган артефактлар қадимги бўтайликлар турмуши ва маиший ҳаёти ҳақида тушунча беради, улар турмуши ҳақида кўп маълумот тақдим этади, дейди археологлар. Улар фикрича, илмий изланишлар давом этади, Бўтай маданияти жаҳон олимлари учун истиқболли йўналишлардан бири.
Қуаниш Шақшақов, «Бўтай» тарихий-маданий қўриқхонаси директори:
- “Бўтай маданияти” демасдан, “Бўтай тамаддуни” дейдиган вақт келди. Цивилизация – инсониятга қандайдир янги нарса беради. Биз Миср, Дажла ва Фрот, Шумер ва Аккад, Бобил ҳақида биламиз. Бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Улар орасида Бўтай ҳам цивилизация номига лойиқ.
Қазув ишлари тугагач, барча артефактлар ҳисобга олинади, рақамланади, санаси кўрсатилади. Сўнгра улар устидаги тадқиқот ишлари давом этади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.