Қозоғистон пойтахтида «The Spirit of Astana» замонавий этник мусиқа
фестивали ўтказилди. Халқаро мультимаданий лойиҳа турли ёшлардаги, миллатдаги
ва қизиқиши ҳар хил одамларни бирлаштирди. Унда ҳар бир қатнашчи қозоқ
маданияти ҳамда мусиқий мероси билан таниша олди. Анжуман давомида Қурманғази,
Даулеткерей, Нурғиса Тлендиев куйлари янгради.
Этно-фолк услубида ижод қилувчи Қозоғистон мусиқа маданиятининг дурдонаси
бўлган TURAN гуруҳи «Қара жўрға» ва «Керўғли» қозоқ композицияларини ижро этди.
Грузия, Исроил, Венгрия, Ўзбекистондан ташриф буюрган мусиқачилар ўзига хос
муҳит яратишди.
Томошабинларгина эмас, ижрочилар ҳам фестиваль ва ундаги анъанавий жаҳон
мусиқа санъати уйғунлашувидан завқ олишди. Ижодкорлар ушбу санъат байрами
давомида олинган туртки, уларга йўлдош бўлишини таъкидлашди.
DJ Puza, диджей:
- Фестивалдан мақсад – одамларни жаҳон ижрочиларининг аутентик, ўзига хос
мусиқаси билан таништириш, уни оммалаштиришдан иборат. Бундай фестиваль иккинчи
маротаба ўтказилмоқда. Аввал Алматида тўпланганмиз. Сентябрь охирида
Туркистонга бориш ниятидамиз.
Айни вақтда фестивальда махсус мастер-класслар ҳам
ўтказилди. Унда намат ва чарм билан ишлаш, кулолчилик, тасвирий санъат, газмолларга
ранг бериш, флористикани ўрганиш, жаҳон халқлари таомларини татиб кўриш
имконияти яратилди. Шунингдек, ҳунармандлар ярмаркасида этник усулда яратилган hand-made
маҳсулотлари сотилди. Айни вақтда, халқ ўйинлари бўйича малака ошириш мумкин
эди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.