Автомобиль техник кўриги ҳақидаги ҳужжат рақамли форматга ўтади

Автомобиль техник кўриги ҳақидаги ҳужжат рақамли форматга ўтади

Қозоғистонда эндиликда ҳайдовчилар автомобиль техник кўрикдан ўтказилгани ҳақидаги ҳужжатни ўзи билан олиб юриши шарт бўлмайди. Диагностика картаси рақамли шаклга ўтади. У электрон ҳукумат мобиль иловасидаги шахсий кабинетда сақланади. Ҳозирги кунда Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги «Миллий ахборот технологиялари» АЖ билан биргаликда тайёргарлик ишларини олиб бормоқда. Эслатамиз, Қозоғистонда рақамли ҳужжатлар қоғоз шаклидагилари билан тенг юридик кучга эга.

Меруерт Ибраева, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги департаменти директори:

- Бугунги кунда айти-мутахассислар сервисни ишлаб чиққан ва техник ишлар кетяпти. Интеграция тадбирларидан кейин хизматнинг пилот шаклидан EgovMobile да фойдаланса бўлади. Бу жорий йилнинг 1 сентябрига мўлжалланган. Лойиҳа режаси бўйича, ҳужжатнинг рақамли нусхаси назорат қилувчи органларга тегишли маълумотлар базасида сақланади, унинг мавжудлиги реал вақт тартибида текширилиши мумкин.

Абдумалик Сарманов таржимаси