Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлашича, мамлакатнинг бош кенти мунтазам ўсиб боришини таъминлаш учун энг аввало махсус иқтисодий зоналар ишини қайта кўриб чиқиш керак.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Эркин иқтисодий зоналар фаолиятига ўзгариш киритиш, уларда қайта ишлаш саноатини, IT-сектори ва янги технологияларни ривожлантиришга эътибор қаратиш вақти келди. Сифатли иш ўринлари яратиш учун тегишли инфратузилма барпо этилиши лозим. Лекин бу йўналишдаги ишлар, юмшоқ қилиб айтганда, такомилга муҳтож. Ҳокимлик ўн йилдан буён 1-Саноат парки инфратузилмалари қурилишини тугата олмаяпти, ваҳоланки, унинг 95 фоизи тўлди.
Давлат раҳбари Астана агломерациясини ривожлантириш стратегик муҳим йўналиш эканлигини таъкидлади. Ўз нутқида пойтахт ва унга ёндашган ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт-логистика кооперациясига туртки бериш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Пойтахт яқинидаги қишлоқлар салоҳияти ошиши уларда саноат корхоналари ва инфратузилмавий объектлар жойлаштирилиши, бунёд этилишига хизмат қилади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Астана ва Ақмўла вилояти ҳокимлари шаҳар яқинида яшовчи аҳоли фаровонлигини ошириш учун жон куйдириши лозим. Астана агломерацияси инвестиция жалб этиш, инновация жорий этиш, малакали мутахассислар фаолият юритиши учун имкон қадар қулай бўлиши зарур. Бу йўналишдаги ишлар фаоллашуви шарт.
Президент пойтахт тараққиётнинг янги моделига ўтиши, инновациявий келажак шаҳрига айланиши даркор, деб ҳисоблайди. Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлагани каби, шаҳарни бошқаришда жаҳон бўйлаб жорий этилаётган янги, рақамли ёндашувларга эътибор қаратиш зарур. Бундан ташқари, давлат раҳбари Астанани ривожлантириш стратегиясини ўзгартириш лозим, деб билади. Ҳужжатда шаҳарни мажмуавий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилиши лозим. Пойтахт ҳокимлигига йил охиригача жамоатчилик тингловини ташкил қилиш, Астананинг Бош режасини ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга киритиш топширилди. Президент девони ишлар ўз вақтида сифатли бажарилишини назоратга олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси