Астаналик чеварлар замонавий саукеле ясади

Нафосат ва муҳташамлик. Бу – замонавий саукеледа бирлашган иккита фазилат. Асрлар давомида тўйларда қизлар киядиган қозоқ миллий  бош кийими соҳибасининг беғубор ёшликдан оилавий ҳаётга кўчаётганини билдирган. Саукеле тикишга ҳамма чеварлар ҳам  жазм қилавермайди. Унда барча икир-чикирлар аҳамиятли. Чеварнинг кайфиятидан тортиб бадиий дидигача муҳим. Шу билан бирга азалий иримларни ҳам унутмаслик зарур, бош кийими қанчалик чиройли безалса, келиннинг ўзи ҳам шу қадар омадли бўлади. Пойтахтлик чевар Валентина Скирук мана шу ўзига хосликларнинг ҳаммасини ҳисобга олишга ҳаракат қилади. У кўп йиллардан буён машҳур дизайнер Анастасия Романова билан бирга янги ишларини тақдим этиб келяпти. Улар биргаликда 200 тадан зиёд саукеле яратган.

Валентина Скирук, чевар:
- Бу ерда авваллари қизлар кийган этник саукеле турибди. Бу қадимий саукеле. Ҳозир эса интерпретацияларга йўл берилади. Аввал бу қисми бошқача эди. Ҳозир ўзгарган. Улар анча очиқ, янада нозик, қизиқарли, одатдагидан бошқача. Авваллари жўқтау қисмини анъанавий шаклда ясашган, сўнгра фируза, олтин ва кумуш тангалар билан безашган. Саукеле қанчалик бой бўлса, келиннинг шу қадар бадавлат хонадондан эканлиги намойиш қилинган. Фаровонлик белгиси бўлган. Шунинг учун у жуда қиммат эди.

Валентина саукеле тикиш учун 4 кунгача вақт сарфлайди. Шакли бир кеча-кундуз қотиб туриши зарур, лекин унга жило бериш энг кўп вақтни олади. Валентина таъкидлашича, тобора кўпроқ келинлар этник либосларни танлай бошлади.

Валентина Скирук, чевар:
- Фоиз ҳисобида олсак, қизларнинг 90 фоизи миллий кийинишни истайди. Қозоғистонлик йигитларга турмушга чиққан хорижлик қизлар турмуш ўртоғи, унинг яқинлари ҳурматини қилади ва саукеле кияди. Яқинда бизга Англиядан келин келди, либосларни кийиб олгач, кўзгуга қараганида кўзлари яшнаб кетди. У “Мен Қозоғистон маликаси бўлдим”, - деди.

Валентина пойтахтда Саукеле уйини очишни орзу қилади. У кўпроқ келинлар қозоқ халқининг ўзига хос анъаналари билан танишишини истайди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.