Астанада V Евроосиё иқтисодий форуми ўтказилди

Астанада V Евроосиё иқтисодий форуми ўтказилди

Eвроосиё Иқтисодий иттифоқи мамлакатларида сунъий интеллект ва рақамли трансформация. Бу мавзулар Астана шаҳрида бўлиб ўтган V Евроосиё иқтисодий форумининг ялпи сессиясининг асосий мавзуси бўлди. Анжуманга ташриф буюрган юқори мартабали меҳмонлари орасида иттифоққа аъзо давлатлар - Россия, Қирғизистон, Беларусь раҳбарлари, шунингдек, Арманистон, Куба, Въетнам, Монголия ва Евроосиё иқтисодий комиссиясининг расмий делегациялари ҳам бор эди. Форумни очаркан. Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев геосиёсий беқарорлик шароитида ташкилотга аъзо давлатлар ҳаракатларни мувофиқлаштиргани туфайли барқарор ривожланишни таъминлай олганини таъкидлади. Энди EОИИ салоҳиятини мустаҳкамлаш зарур. Жаҳон бозоридаги вазиятни олдиндан айтиш имконсиз - анъанавий муаммолар рақамли силжишлар билан уйғунлашди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Халқаро валюта жамғармаси ҳисобига кўра, глобал меҳнат бозорида сунъий интеллект технологиялари жорий этилиши билан иш ўринларининг қарийб 40 фоизи қисқаради. Табиийки, юз миллионлаб одамлар қайта ўқитилиши керак бўлади. Шу сабабли, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи органларига раислик қилган йили Иттифоқ доирасида "тўрт эркинлик"ни таъминлаш, унга аъзо мамлакатларнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида сунъий интеллект технологиясидан амалий фойдаланишни таклиф қилди.


Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистоннинг рақамли технологияларни қўллаш борасидаги қарорларини алоҳида кўрсатиб ўтди. 2026 йил мамлакатда Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш йили, деб эълон қилинди. Тегишли вазирлик ва жаҳон экспертлари иштирокида Сунъий интеллектни ривожлантириш кенгаши ташкил этилди. Янги Конституцияда фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи белгиланди. Мамлакатда технологик инфратузилма ҳам шакллантириляпти. NVIDIA технологиялари асосида иккита суперкомпьютер ишга туширилди, "Маълумотларни қайта ишлаш марказлари водийси" лойиҳаси амалга ошириляпти. Халқаро мактаблар ишга тушди, ўрта таълим тизимига сунъий интеллект жорий этиляпти.


Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Қозоғистон жадал рақамли трансформацияни сифатли таъминлаш учун EОИИ давлатлари билан шериклик ва ҳамкорликка очиқ. Фикримча, савдо ва логистикада янги технологияларни, энг аввало, сунъий интеллектни жорий этишни фаоллаштириш жуда муҳим. Божхона жараёнларини тезлаштириш мақсадида миллий рақамли тизимларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш муҳим. Рақамли имзоларнинг ўзаро тан олиниши EОИИ маконида бизнес харажатларини тубдан камайтириш ва савдо ҳажмини оширишга ёрдам беради.

 

Қозоғистон Президенти сунъий интеллект салоҳиятидан саноат кооперациясини кенгайтириш ва агросаноат мажмуасида ҳам фойдаланиш мумкинлигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг янги технологияларни фаол ва ҳар томонлама қўллаш давлатларнинг жадал иқтисодий ўсиши омили эканлигини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, EОИИга аъзо давлатлар, шунингдек, кузатувчилар сунъий интеллектни масъулиятли ривожлантириш бўйича қўшма баёнот қабул қилди. Ҳужжатнинг асосий мақсади иқтисодиётни рақамлаштириш бўйича умумий ёндашувларни белгилаш, сунъий интеллектни хавфсиз жорий этишни таъминлашдан иборат.


Абдумалик Сарманов таржимаси