Астанада V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бошланди

Астанада V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари старт олди. Анжуманнинг очилиш маросими "Астана Арена" стадионида ўтказилди. Кенг қамровли шоуда салкам 3 минг нафар артист иштирок этди. Улар кўчманчи тамаддуннинг бой маданияти ва тарихи, анъана ва урф-одатларига бағишланган театрлаштирилган томоша кўрсатди, умумий уйимиз – Ер сайёрасини сақлаб қолишга чақирди. Бир қатор туркий давлатлар етакчилари, Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси президенти, ЮНЕСКО, ОҲЧК, Бутунжаҳон туризм ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти етакчилари мазкур маросимнинг фахрий меҳмони бўлди. Қосим-Жўмарт Тўқаев кўчманчи тамаддун жаҳон тарихида чуқур из қолдирганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

– Кўчманчилар азалдан Евроосиёда истиқомат қилган. Ўз даврининг инновациявий технологияларига эга бўлгани ҳолда улар глобал тараққиётга таъсир кўрсатди. Беш минг йил аввал кўчманчилар отларни хонакилаштирди ва кейинчалик бутун дунёга тарқалган чавандозлик маданиятини шакллантирди. Даштлик усталар янги қурол намуналари ва ажойиб заргарлик тақинчоқларини яратди. Сак даврига оид «Олтин одам» ёдгорликлари бунга мисол бўлади.

Давлат раҳбари таъкидлагани каби, Кўчманчилар ўйинлари – ўзига хос лойиҳа. У бебаҳо меросни сақлаб қолиш ва ёш авлодга етказиб беришни мақсад қилган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:  

– Бундай беллашувларни 10 йил аввал ташкил этган қирғиз биродарларимиздан миннатдормиз. Бу миллий ўйинлар бўйича дунёдаги энг йирик беллашувлар, уни кўчманчилар Олимпиадаси дейиш мумкин. Бу ўйинлар кўчманчилар тамаддунини глобал даражада намойиш этади. Спорт – ўзаро ҳурмат ва биродарлик тимсоли. Спортнинг бош вазифаси – халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш. Қозоғистон тинчлик-тотувлик замини сифатида машҳур. Мамлакатимизда турли этнослар ўзаро уйғунликда, ҳамжиҳатликда умр сурмоқда. Биз яқин ва узоқ хориж мамлакатлари билан ўзаро алоқалар боғлаганмиз. Бошқа давлатлар ҳам тинч-тотув яшашини истаймиз. Кўчманчилар ўйинлари халқаро бирдамликни мустаҳкамлашига ишонамиз.

Таъкидлаймиз, жорий йилда Бутунжаҳон Кўчманчилар ўйинларида Осиё, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка, шунингдек, Австралиядан спортчилар иштирок этмоқда. Очилиш маросимида эса кенг миқёсли этно-беллашувларни маҳаллий телеканаллар билан бир пайтда, Қирғизистон, Туркия, Россия, Татаристон, Ўзбекистон ва Туркманистондаги ОАВ ҳам кенг ёритди.

Абдумалик Сарманов таржимаси.