Астанада сув тақчиллигига барҳам берилади

Астанада сув тақчиллигига барҳам берилади

Пойтахтдаги муаммолар узоқни кўзлаган ҳолда ҳал қилиниши лозим. Бугун пойтахтнинг келажаги энг юқори даражада муҳокама қилинди. Қосим-Жўмарт Тўқаев Астанани ривожлантиришга бағишланган йиғилишда энг заиф нуқталарни кўрсатиб ўтди. Улар қандай ҳал қилиниши пойтахтнинг ташқи ва ички кўринишига таъсир ўтказади. Давлат раҳбари таъкидлашича, иссиқлик ва сув таъминотидаги тақчиллик бартараф қилиниши лозим. Йил охиригача газ билан ишловчи иккита иссиқлик станцияси ҳамда ТЭЦ-3нинг биринчи навбати ишга тушади. Лекин бу билан чекланмаслик лозим. Президент бир ой ичида ТЭЦнинг иккинчи навбати ва учинчи қозонхона қурилиши масаласини ҳал этишни топширди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ҳукумат ҳокимлик билан бирга келгуси йилдан бошлаб Сатпаев номли каналдан шаҳар чегарасигача сув олиб келиш устида ишлаши керак. Бундан ташқари, Ҳукумат ҳокимлик билан бирга Астанани сув билан таъминлашнинг муқобил усулларини ахтариши лозим.

Нафақат янги бинолар қуриш, балки эски туманларни янгилаш ҳам муҳим. Қосим-Жўмарт Тўқаев бундай лойиҳаларга инвесторларни жалб қилишни топширди. Пойтахт ҳокимлиги тадбиркорларга тегишли шарт-шароит яратиб бериши зарур. Марказ ва шаҳар чеккалари ўртасида нотенглик бўлмасин. Астанани ривожлантиришда мувозанат сақланиши керак, дея таъкидлади Давлат раҳбари. Адолатли жамиятнинг  мазмуни мана шунда.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Ўша пайтда пойтахтда ўзига хос объектлар барпо этилиши тўхтади: уй-жой қурилишига берилиб кетилди. Ўз даврида бизнес томонидан "Абу-Даби Плаза", "Хан Шатир", "Talan Towers" каби машҳур мажмуалар бунёд этилган бўлиб, улар бугунги кунда Астана рамзига айланган. Ҳокимлик яна шундай ёндашувдан фойдаланиши, хусусий инвнсторлар ва таниқли меъморларни шаҳарнинг янги диққатга сазовор биноларини қуришга қизиқтириши лозим.

Астана аҳлининг турмуш даражасини ошириш учун пойтахтда кўп соҳали касалхона, таълим объектлари ҳамда педагогика олий таълим даргоҳи очилади. Бундан ташқари, шаҳарга ёндашган ҳудудларни ҳам ривожлантириш кўзда тутилган. Президент Ҳукуматга пойтахт ва Ақмўла, Қарағанди вилоятлари ҳокимликлари билан бирга Астана агломерациясини шакллантиришни топширди. Топшириқлар жадал ҳал қилиниши учун «Қозоғистон пойтахти тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгаришлар киритилади.

Абдумалик Сарманов таржимаси