Астанада Парламент ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши ўтказилди

Астанада Парламент ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши ўтказилди

Қосим-Жўмарт Тўқаев Парламент ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишида қатнашди. Эслатамиз, ўтган ҳафта Қозоғистон Президенти шундай гуруҳ тузиш топшириғини берганди. Унинг таркибида Парламент, Ҳукумат, сиёсий партиялар вакиллари, ҳуқуқшунослар, олимлар ва жамоат арбоблари бор. Давлат раҳбари таъкидлашича, бир палатали Парламентга ўтиш мамлакат учун ҳал қилувчи қадам ва у мамлакат келажагига ижобий таъсир қилади. Мазкур муҳим ва масъулиятли иш ҳар томонлама ва кенг муҳокама этилиши, вазмин қарорлар қабул қилиниши керак. Барча, шу жумладан, E-otinish ва Е-gov порталлари орқали тушган таклифлар ўрганилиши зарур.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Давлат раҳбари сифатида мен учун Парламент мамлакат сиёсий тизимининг асосий элементи ҳисобланади. Шунинг учун аввало Конституцияга қатор ўзгаришлар киритилади. Асосий қонуннинг 40 тача моддаси ислоҳ қилиниши лозим. Сўнгра 10 та конституциявий қонун ва 50 тадан зиёд кодекс ҳамда қонунлар унга мувофиқлашуви зарур. Бу жараён амалда янги Конституция қабул қилиш билан тенг. Шу қадар катта ишларни бир зумда амалга ошириш имконсиз. Унга яхшилаб тайёрланишимиз керак.

Қосим-Жўмарт Тўқаев таъкидлаганидек, бир палатали Парламентга ўтилиши халқаро тенденцияларга тўла мос келади. Бундай тизим дунё давлатларининг учдан икки қисмида амал қилади. Ва энг асосийси, ислоҳот республикани тубдан модернизация қилиш стратегиясини давом эттиришга имкон беради. Бу «Кучли Президент-Нуфузли Парламент-Ҳисоб берувчи Ҳукумат» формуласига тўлиқ мос келади ва турли соҳалардаги ўзгаришлар билан уйғунлашади. Хусусан, сунъий идрок борасида ҳам. Давлат раҳбари уқтиргани каби, e-Parlament тизимига унчалик кўп вақт қолгани йўқ.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

 - Шуни таъкидлашни истардимки, парламент ислоҳотини Сенатни тарқатиб юборишгача олиб бориш мутлақо қонунга зид. Олдимизда аниқ мақсад турибди: ҳукуматнинг барча вакиллик шохобчаларида чуқур ўзгаришни амалга ошириш. Шу тариқа, қонунчилик органи фуқаролар манфаати ва иродасини ифодаловчи тузилма ўлароқ ўз ролини тўлақонли рўёбга чиқара олади.

Ўзгаришларнинг муҳим омили – бўлғуси депутатлар корпуси компетентлиги. У профессионаллардан тузилади. Парламентни партия рўйхатига кўра ташкил қилиш айни шу вазифа билан боғлиқ. Президент фикрича, бир палатали Парламент доирасидаги кўппартиявийлик сиёсий мулоқотни профессионал асосда равнақ топтиришга замин яратади.

Абдумалик Сарманов таржимаси