Астанада Nobel Fest анжумани ўтказиляпти

Астанада Nobel Fest анжумани ўтказиляпти

Ай-ти технологиялар, сунъий интеллект, нейробиология ва таълим соҳасининг дунё миқёсидаги ўнлаб етакчи эксперт ва олимлари Астанадаги Nobel Festда қатнашяпти. Кенг кўламли тадбир Нобель мукофоти совриндорлари ва инновация пешқадамларини бирлаштирган. Жорий йилда меҳнат ва карьера келажаги бўйича биринчи рақамли эксперт Гарри Боллс, БМТ Бош котибининг собиқ маслаҳатчиси Рае Квон Чунг, машҳур олим Константин Северинов ҳам улар қаторида ташриф буюрди. Биолог олимнинг фикрича, фестивалда алоҳида эътибор берилаётган таълим соҳаси кескин ўзгараяпти ва унга янгича ёндашувлар зарур.

 

Константин Северинов, Биология фанлари доктори, профессор, генетика бўйича эксперт:

- Таълим тизими ривожланиши кераклиги яққол кўриниб турибди, у барча босқичларда давом этиши керак. Албатта, болалар билан ишлаш жуда муҳим, сизга қарши турган гуруҳларни аниқлаш, уларнинг етакчилари билан мулоқотга киришиш ва иш юритиш ҳам керак. Менимча, ўта сифатли мактаб таълими дунёқарашни шакллантиришга ҳам таъсирини ўтказиши зарур. Инсон мактабдан чиққанида дунёнинг рационал кўринишини тасаввур эта олсин.

Фестивалда мамлакатнинг етакчи ўқув масканлари ўз инновациявий ва рақамли сервис-маҳсулотларини тақдим этишди. Шулардан бири Алматидаги хусусий мактаблардан бирида икки йилдан буён самарали ишлаяпти. Муаллифлар фикрича, ишланма жараённинг барча босқичларига мослаштирилган.

Мурат Жашкеев, лойиҳа раҳбари:

- Масала шундаки, биз фақат академик масалаларни кўзда тутмаганмиз. Биз HR, бухгалтерия, ҳуқуқий масалаларни ҳам ҳисобга олдик, электрон ҳужжат айланмаси, онлайн-имзолаш ва бошқаларни йўлга қўйдик. Яъни, экотизим вужудга келди, натижада, биометрия, банк тўловлари каби ташқи тизимлар билан интеграциялашган ҳолда мактаб ичидаги турли муаммолар осон ҳал қилинади.

Nobel Fest доирасида «Қозоғистон ўқитувчиси» республика танлови ташкил этилди. Унинг ғолиби «Global teacher prize» мукофотига мамлакат номидан тақдим қилинади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.