Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, сўнгги 20 йил ичида онкология туфайли юз бераётган ўлим ҳолатлари атиги 33 фоизга камайди. Онкокасалликларга қарши кураш бўйича мажмуавий чоралар режасининг рўёбга чиқарилиши бу борада вазиятни яхшилаши мумкин. Ҳужжат 2023-2025 йилларга мўлжалланган. Унинг доирасида ўлим ҳолатлари 65 фоизга пасайиши кўзда тутилган. Вақтида аниқланмаган ҳолатларни кескин камайтириш, касалликни дастлабки босқичларидан даволаш мўлжалланган. Дори-дармонлар, ускуналар сотиб олинади, замонавий онкомарказлар қурилади. Алмати, Атырау, Улитау, Жетису ва Ақтўбе вилоятларида янги шифохоналар бунёд этилади. Пойтахтда Марказий Осиёдаги дастлабки протон маркази қурилиши бошланди, у келаси йилда фойдаланишга топширилади.
Ажар Ғиният, Қозоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири:
- Ҳозир протон тезлатгичи учун бункер қурилиши давом этяпти. Сўнгра аппарат ўрнатилади, ининг ишга яроқлилиги, хавфсизлиги синалади. Айни вақтда, мутахассислар тайёрлаш ишлари давом этяпти. Ўтган йилдан хорижда, Исроилда, Германияда, Нидерландияда кадрлар таълим оляпти. Бундай ускуналар ҳам, ихтисосликлар ҳам аввал мамлакатимизда умуман бўлмаган. Ноёб мутахассислар, нурланиш терапевтлари, тиббий физиклар, химиклар тайёрланяпти.
Абдумалик Сарманов таржимаси.