Қозоғистондаги минтақаларда тошқинга тараддуд кўриляпти

Қозоғистондаги минтақаларда тошқинга тараддуд кўриляпти

Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Мудофаа вазирлиги қошидаги ҳарбий қисмлар барча жойларда тошқинга қарши тадбирларга киришган. Қарағанди вилоятида техника ва шахсий таркиб тайёргарлиги текширилди. Бу ерда жами 99 та тошқин хавфи мавжуд  участка бор. 230 дан зиёд сув хўжалиги иншоотлари ҳам назорат остида. Хатарларнинг олдини олиш учун бир ярим километр узунликдаги сув чиқарувчи канал қазилган. Қолаверса, дренаж ва сув чиқариш тизимлари тозаланган.

Қахарман Ўразалин, Қозоғистон Республикаси фвв фавқулодда вазиятларга барҳам бериш департаменти раҳбари:

- Машқларга тайёргарлик доирасида барча давлат органлари, маҳаллий ижро органлари олдиндан қор ташиб келтириладиган жойни белгилайди, барча дренаж сув чиқариладиган иншоотлар тозаланади, муҳандислик ашёлари тайёрланади. Булар ҳаммаси ўқув машқлари давомида амалга оширилади.

Семейда ўқув машқлари доирасида Иртиш дарёсида профилактик портлаш ишлари ўтказилди. Бунинг учун 500 килограммдан ошиқроқ  портловчи модда ишлатилди. Бу шаҳарни сув босишидан асраш имконини яратади. Тошқин билан боғлиқ вазият мураккаблашган тақдирда, олдиндан шакллантирилган фуқаро мудофааси хизмати, маҳаллий ижро органлари кучи ва воситалари шай ҳолга келтирилади.

Нурбўл Нурсағатов, Семей шаҳар ҳокими:

- Албатта, хавфли участкалар аниқланган. 15 та шундай зонани айтиб ўтдим. Уларда тахминан 500 тача уй жойлашган. Ҳаммаси шаҳар маъмурияти назорати остида.

Абдумалик Сарманов таржимаси