Астанада литвалик машҳур арбобнинг кўргазмаси очилди

Астанада литвалик машҳур арбобнинг кўргазмаси очилди

Тасвирий санъат ва мусиқа уйғунлиги. Пойтахт аҳли ва меҳмонлари литвалик машҳур рассом ҳамда бастакор Микалоюс Чюрлёнис ижод дунёсидан баҳраманд бўлиши мумкин. Миллий музей биносида унинг 150 йиллигига бағишланган кўргазма очилди. Микалоюс Чюрлёнис бой ижодий мерос қолдирган. Ҳаёти давомида 300 тадан зиёд тасвирий санъат ва графика асарларини яратган, икки юзтадан кўпроқ мусиқий асар ёзган. Астана экспозициясида муаллиф мусиқаси жўрлигида унинг танланган картиналари репродукциялари, жумладан, «Дунё яратилиши», «Қуёш сонатаси», «Денгиз сонатаси» намойиш этилди. Литванинг юртимиздаги дипломатик ваколатхонаси берган маълумотга кўра, юбилей соҳибига бағишланган ижодий кечалар маданий-гуманитар ҳамкорлик ўрнатилган кўплаб давлатлар, шу жумладан, Қозоғистонда ўтказиляпти.

Эгидиюс Навикас, Литванинг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

- Қозоғистон ва Литва муносабатларидаги кўплаб ижобий элементлардан бири - маданият. Биз қозоғистонликлар Литва маданияти, бизнинг буюк ижодкорларимиз билан танишиши учун имконият яратамиз. Элчихона маданият соҳасида турли тадбирлар: кўргазмалар, концертлар ва бошқа анжуманларни ташкил этиб келмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси