Астанада Халқ бирдамлигига бағишланган кўргазма очилди

Астанада Халқ бирдамлигига бағишланган кўргазма очилди

Деворга осиладиган тожик гилами – сўзана, туркман миллий бош кийими папақ, ёрқин гуллар тикилган рус миллий рушниги. Астанада Қозоғистон Халқи бирдамлиги кунига аталган мавзуий кўргазма очилди. Намойиш этилаётган экспонатлар мамлакатдаги турли этносларнинг тарихий муносабатларини, ўзаро ҳамкорлиги ва маданий шаклланишини очиб беради. Кўргазма шарофати билан меҳмонлар миллий либослар, рўзғор буюмлари: идиш-товоқ, гилам ва намат маҳсулотлари, сувенирлар, туркман, ўзбек, озарбайжон, беларус, рус, корейс ва бошқа халқларнинг тасвирий санъат асарлари билан яқиндан танишиши мумкин. Экспозицияда жами бўлиб, Президент маркази коллекциясининг 200 дан ортиқ музей буюмлари қўйилган. 

Гулим Сабиржанқизи, Қозоғистон Республикаси Президенти маркази экскурсия ишлари хизмати катта эксперти:

– Кўргазмадан асосий мақсад – мамлакатимизда этнослараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатликнинг Қозоғистон моделига асосланган бирлик ва тинчликни мустаҳкамлаш. Экспозицияда турли давлатлардан келтирилган, республикамизнинг кўпвекторли ташқи сиёсатига асосланган дипломатик муносабатларни акс эттирувчи совғаларни кўриш мумкин. Шундайлардан бири, масалан, ушбу тожик гилами -  сўзана. Тожик халқ анъанасига кўра, бу гиламни оналар қизларининг сепи учун тикади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.