Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қозоғистон-Туркия
бизнес форумида иштирок этди. Давлат раҳбари Қозоғистон турк компанияларини
ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. Бугунги кунда мамлакатимизда
Туркия капитали иштирокида очилган 4 мингга яқин корхона муваффақиятли фаолият юритяпти. Қосим-Жўмарт Тўқаев инвестициялар
ҳажмини ошириш учун саноат соҳасида кооперация
муҳимлигини таъкидлади. Бу борада Қозоғистон ва Туркия
ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссия алоҳида роль ўйнаши зарур. Умуман олганда, мамлакатда бизнес учун қулай шароитлар
яратиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Президент қошида Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилган. Махсус Инвестиция штаби фаолият
кўрсатмоқда. «Ягона дарча» тамойили асосида ишловчи миллий майдонча мавжуд. Бундан ташқари, «Олтин виза» доирасида инвесторларга солиқ ва миграция
имтиёзлари тақдим этилади. «Астана» халқаро молия маркази бизнес учун катта
имкониятлар очмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- «Астана» молия маркази ва Borsa Istanbul биржаси
ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Туркия бизнеси билан алоқаларни
кенгайтиришдан манфаатдормиз. Бизга маълумки, жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўғон
ташаббуси билан миллий иқтисодиётга кенг кўламли инвестицияларни жалб этиш
бўйича қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилади. Ҳалол тадбиркорларга
имтиёзлар берилади. Биз ушбу ташаббус амалиётга самарали шаклда жорий этилиши учун унинг энг долзарб жиҳатларини албатта ўрганиб чиқамиз.
Президентнинг маълум қилишича, Қозоғистон-Туркия
ишбилармон доиралари умумий қиймати 7,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 140
тадан зиёд лойиҳа рўёбга чиқарилган. Ўзаро ҳамкорлик салоҳияти ҳамон юқори.
Агросаноат мажмуаси, тиббиёт, фармацевтика, транспорт ва логистика ҳамкорликни
фаоллаштиришнинг устувор йўналишлари бўла олади. Бу борада Транскаспий ёки Ўрта
йўлак катта ўрин тутади. Сўнгги йилларда йўналиш бўйича юк ташиш ҳажми беш
баравардан кўпроққа ошди. Ўтган йили контейнер ташувлари 36 фоизга
ошди.
Қосим-Жўмарт
Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Умуман олганда, Ўрта йўлак имкониятларини кенгайтириш
мамлакатларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига мос. Шу муносабат билан биз
логистика жараёнларини электрон шаклда амалга ошириш, максимал шаффофлигини таъминлаш ва
маъмурий харажатларни минималлаштириш имконини берувчи е-пермит лойиҳасини
биргаликда амалга оширишни таклиф қилдик. «Ўрта йўлак» лойиҳасини «Трампнинг халқаро тинчлик ва фаровонлик йўли» ташаббуси билан боғлаш
муҳим, деб ҳисоблайман.
Бундан ташқари, мамлакатимиз Туркия компаниялари билан
сунъий интеллект, молиявий технологиялар, киберхавфсизлик ва онлайн хизматлар
соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантиришга тайёр. Туркия Президенти қозоқ ва
турк тадбиркорларининг ҳиссаси туфайли икки томонлама иқтисодий муносабатлар
юқори даражада ривожланаётганини таъкидлади. У ўтган йили мамлакатимиз
Туркиянинг туркий дунёдаги энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкорига айланганини
таъкидлади. Мамлакатлар
товар айирбошлаш ҳажмини 15 миллиард долларга етказиш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси

