Мажилисменлар мониторинг гуруҳларини бекор қилишни талаб қилди. Шу жумладан, депутат Дания Еспаева Бош вазир ўриносари Ерали Туғжановга мурожаат этди ва мониторинг гуруҳлари фаолияти, улар солаётган жарималар ҳуқуқ доирасидан ташқарида эканлиги, бу ҳолат коррупцияни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатди. Бундан ташқари, Еспаева санитар-врачлар қарорлари асосида киритилган турли чекловлар ҳам саволларга сабаб бўлаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳар бир минтақада ўзига хос тақиқлар бор, улар кўпинча соғлом фикрга ва яшил-сариқ-қизил зоналарга бўлинишга тўғри келмайди.
Дания Еспаева, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Масалан, умумий овқатланиш корхоналари ва дўконлар иши баъзи жойларда соат 20 гача, бошқа ерларда 23-24 гача чекланади. "Қизил" зоналарда қайсидир объектлар "яшил" зоналардагидан кўра кўпроқ ишлаётган ҳолатлар кам эмас. Нима учун санитар-врачлар тўлиб-тошган автобуслардан кўра кафеларда хасталаниш эҳтимоли каттароқ, деб ҳисоблайди? Нима учун кеч соат 22 дан кейин вирус уйғониб кетади ва соат 22 гача бўлганидан фаолроқ юқа бошлайди? Бир йилдан зиёд вақт давом этаётган тақиқлар қандай илмий, статистик маълумотларга таянмоқда? Соғлом фикрласак, ёпиқ биноларнинг вақтини чеклашдан кўра, тўлиб-тошишининг олдини олиш кўпроқ самара беради. Бир объектни ёпиб қўйиб, бошқаларида ўтаётган тантаналарга кўз юмгандан кўра масофа сақланишини назорат қилиш самаралироқ.
Депутат фикрича, тақиқлардан воз кечган, Тадбиркорлик кодексига риоя этган ҳолда бизнес ишини оқилона тартибга келтириш лозим.
Абдумалик Сарманов таржимаси