Музей ишинп ривожлантириш ва ушбу амалиётда рақамли ечимларни жорий этиш. Эрон, Хитой, Россия, Туркия, Венгрия, Арманистон, Озарбайжон, Франция ва Марказий Осиё давлатлари экспертлари Астанада шу каби мавзуларни муҳокама қилди. Пойтахтда Қозоғистон музей конгресси иш бошлади. Икки кун давомида иштирокчилар тажриба алмашди, илмий мунозаралар, давра суҳбатлари, семинар ва мастер-классларда қатнашди. Тадбир доирасида, шу жумладан, минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик тўғрисида қатор меморандумлар имзоланиши кутиляпти.
Камола Оқилова, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори:
– Биз кўргазма лойиҳаларини ривожлантирамиз, чунки, менимча, шу тариқа ўз мамлакатимиз, унинг тарихи, маданиятларимиз уйғунлашган нуқталар ҳақида кўпроқ маълумот бера оламиз. Албатта, илмий-тадқиқот лойиҳаларини рўёбга чиқариш зарур. Биргаликда декоратив-амалий санъатни чуқур ўрганишга умид боғлаганмиз. Масалан, Марказий Осиё миқёсида. Илмий изланишлар барча лойиҳаларга асос бўлиши зарур.
Миллий музей Франция элчихонаси билан яна битта шартнома имзолади. Мазкур давлат дипломатик ваколатхонаси ёрдамида Конгрессда Лувр музейи, Превентив археологик тадқиқотлар илмий институти ва Миллий ёдгорликлар маркази экспертлари иштирок этяпти. Бундан ташқари, француз ҳамкасблар «Рақамли куз» фестивали доирасида пойтахт аҳли ва меҳмонларига рақамли санъат ҳамда бадиий инновацияларнинг энг яхши намуналарини тақдим этади.
Сильван Гиоге, Франциянинг Қозоғистондаги элчиси:
– Эртага ушбу музейда «Рақамли куз» очилади. Барча астаналиклар учун мазкур ажойиб фестивалда қатнашиш имконияти туғилади. Шу боис, ҳозир биз экспертларимиз ўртасида мунтазам учрашувлар ташкил этяпмиз. Чунки музей экспертизаси ҳам ўзгаришларга учрайди ва унга мослашиш, ўз билим-тажрибаларимизни оширишимиз керак.
Икки давлат ўртасида маданий алмашинув режаси кенг қамровли. Кузда Парижда «Қозоғистон хазиналари» кўргазмаси ўтказилади. Осиё санъати миллий музейида мамлакатимизнинг энг яхши музей экспонатлари, шу жумладан, сак даври заргарлиги намуналари тақдим этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.