Қозоғистон сармоя жалб қилиш
бўйича Марказий Осиёда пешқадамликни сақлаб қолади. Бугунги кунда келаётган маблағнинг
қарийб 70 фоизи мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт
Тўқаев Хорижий инвесторлар кенгашининг 38-ялпи мажлисида
маълум қилишича, мамлакат иқтисодиёти ўтган
йили 6,5 фоизга ўсди, ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард
доллардан ошди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Барча иқтисодий
ютуқларга асосан сиёсий барқарорлик туфайли эришмоқдамиз. Тарихий аҳамиятга
эга умумхалқ референдуми натижасида Қозоғистон
Республикасининг янги Конституциясини қабул қилдик. Бу ҳужжат халқ
Конституцияси сифатида тан олинган. Асосий қонун бугунги йиғилиш арафасида
кучга кириши рамзий маънога эга. Янгиланган конституциявий меъёрлар инвесторлар
ҳуқуқларини максимал даражада ҳимоя қилади.
Президент халқаро бизнес учун мақбул замонавий институционал муҳит
шаклланганига эътибор қаратди. Мамлакатда "ягона дарча" тамойили
асосида хизмат кўрсатувчи Миллий рақамли инвестиция майдончаси ишга тушди, инвестиция
штаби ташкил этилди. "Altyn Visa" дастури доирасида хорижий
тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари ва соддалаштирилган миграция тартиби кўзда
тутилган. Қосим-Жўмарт Тўқаев Кенгаш аъзоларига замонавий рақамли
инфратузилмани шакллантириш ишлари фаол олиб
борилаётганини маълум қилди. Қозоғистон иккита суперкомпютерни ишга туширди, маълумотларни
қайта ишлаш марказлари ҳудудини яратмоқда.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси
Президенти:
- Рақамли давр талабига жавоб берадиган
замонавий меъёрий-ҳуқуқий база инвестицияларга кафолат бўлади. Яқинда Парламентда қабул
қилинган Рақамлаштириш
кодекси, "Сунъий идрок тўғрисида"ги қонун ва "Digital
Qazaqstan" стратегияси мамлакат ривожланишининг технологик йўл харитасини
яратади. Бу ҳужжатлар инновациялар, инвестицияларни
жалб қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун
ҳам
жуда муҳим.
Давлат раҳбари сармоядорларни истиқболли
соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш учун
ишончли майдон сифатида Қозоғистондан фойдаланишга чақирди.
Абдумалик Сарманов таржимаси.

