Қозоғистон Президенти Вашингтонга қилган амалий
сафари давомида АҚШ тадбиркорлик доиралари вакиллари билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев U.S. International Development Finance Corporation ижрочи директори
Бен Блэкни қабул қилди. Томонлар тоғ-кон, транспорт-транзит инфратузилмалари соҳаларида
қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқариш истиқболларини муҳокама қилди.
Сўнгра Давлат раҳбари Boeing трансмиллий корпорацияси раҳбарияти билан
суҳбатда Қозоғистон авиаташувчилари қўшма лойиҳаларни илгари суришдан
манфаатдорлигини таъкидлади. Қосим-Жўмарт Тўқаев ва
компания ижрочи вице-президенти Жефф Шокки авиация соҳаси учун
мутахассислар тайёрлаш, юк самолётлари паркини кенгайтириш масалаларини
муҳокама қилди.
Шундан кейин Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Ashmore Group бош директори Марк
Кумбс билан учрашди. Давлат раҳбарига Қозоғистонда
халқаро клиника бунёд этиш режалари ҳақида маълумот берилди. Мамлакат раҳбари
муҳим лойиҳани Ҳукумат ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, шунингдек, Mars компаниясининг бош ижрочи директори
Пол Вайраухни ҳам қабул қилди. Президент Қозоғистон Қишлоқ
хўжалик вазирлиги ва компания ўртасида 180 миллион доллар қийматга эга инвестициявий
шартнома тузилишини қутлади. Унга кўра, Алатау шаҳрида уй жониворлари учун
озуқа заводи бунёд этилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси

