Уларда ёши 50 ошган уч мингдан зиёд талаба таълим олмоқда. Ўтган йили старт олган ноёб лойиҳа узлуксиз таълим дастури доирасида давом этмоқда. Талабалар курсларда янги касб ва малакаларни ўзлаштирмоқда. Ҳаётда ўз ўрнини топган одамлар нима учун яна дарс олишга қарор қилди? Ҳамкасбимиз ҳикоя қилади.
– Уларни соғиндим, бир неча ҳафта кўрмаганман.
Бақитжан Мўлдағаипов 78 ёшда. Кўп йиллик жарроҳлик фаолияти ва минглаб амалиётлар ортда қолди. У ёшлигидан миллий тарих ва маданиятга қизиққан. Янги талабанинг таъкидлашича, аввал бу йўналишда адабиёт ҳам, изланишлар ҳам кам бўлган. Энди Бақитжан оға «Кумуш» университет курслари воситасида ўз билимларини мустаҳкамлашдан умидвор.
Бақитжан Мўлдағаипов, «Кумуш университет» талабаси:
- Болалик ва ўсмирлик йилларимда махсус адабиёт жуда кам бўлган. Энди мен бу йўналишларга эътибор қаратишни режалаштирганман, сўнгги йилларда кашфиётлар кўп бўлди. Дарслар менга ёқади. Уларда янги мавзуларни ўрганамиз, мунозаралар ташкил қиламиз, баъзида баҳслашамиз. Ҳар кимнинг ўзига яраша билими, фикри бор.
Бақитжан оға бу билан чекланишни истамайди. Келажакда яна бир неча курсдан ўтишни мўлжаллаган. Дарвоқе, «Кумуш» университет талабалари мавжуд 10 та йўналишдан исталганида таълим олиши мумкин.
Райхан Баймағамбетова, Лев Гумилёв номли евроосиё миллий университети қошидаги «кумуш университет» ўқитувчиси:
- 2022 йилда уч юзга яқин одам ўқиганди. 42 нафар ўқитувчи таклиф қилинди, 15 та курс ташкил этилди, жорий 2023 йилда эса бизда 15 та курс мавжуд, 100 дан ортиқ одам ёзилган, 2000 дан ортиқ фуқаро ариза берди, ишларни бошлаб юбордик.
Талабалар ўзлари истаган йўналишни танлай олади. Курслар орасида компьютер ва рақамлаштириш, ҳуқуқий-молиявий саводхонлик, турли тиллар, тарих ва маданиятшунослик бор.
Бану Нарбекова, олий ва олий таълимдан кейинги таълим қўмитаси раиси:
- Меҳнат вазирлиги Фан ва олий таълим вазирлиги билан бирга квалификацияни ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқяпти. Бу ҳужжат таълим сертификатлари тан олиниши ва битирувчиларнинг улар асосида ишга қабул қилинишини таъминлайди. Ҳозирча норасмий билим берилмоқда. Курслар билим бериш билан бирга талабаларнинг маънавий-маданий билимларини оширади, жисмоний ривожлантиради.
Ҳозир «Кумуш» университетлар 72 та олий таълим даргоҳида мавжуд. Уларда 230 та дастур рўёбга чиқарилмоқда. Уларда ёшга доир чекловлар кўзда тутилмаган. Таълим бепул. 50 ёш ва ундан катталар ҳам қабул қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси